Озарбайжоннинг етакчи университетлари раҳбарлари Ўзбекистонда

Ўзбекистонга келган Озарбайжоннинг етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият марказига ташриф буюрди.
Таълим вазири ўринбосари Идрис Исаев бошчилигидаги делегацияга дастлаб мажмуа фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Марказ директори Акиф Марифли ушбу маданият маскани 2010 йил Президент Илҳом Алиев иштирокида очилганини мамнуният билан эсга олди.

– Марказ буюк йўлбошчи меросини тарғиб қилиш, Озарбайжон маданиятини ўрганиш, шунингдек икки давлат ўртасида маданий, илмий ва маърифий алоқаларни ривожлантириш мақсадида фаолият юритади, – дейди Акиф Марифли. – Бундан ташқари тарих, маданият, адабиёт билан боғлиқ кўплаб лойиҳалар амалга оширади, концерт дастурлари, халқаро анжуман, симпозиум, маҳорат дарси ва кўргазмалар ташкил этади. Мажмуада Ҳайдар Алиев, Мамлакат тарихи, Дўстлик, Озарбайжон гиламлари музейлари, кутубхона, рақс, расм, тил курслари, ёшлардан иборат театр труппаси фаолият кўрсатади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА