Беруний туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди

336

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Беруний туманида республика муассаса-ташкилотлари, туман фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Унда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги берилган топшириқлар бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижроси масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, туманни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича махсус дастур асосида қатор вазифалар белгилаб берилган бўлиб, муаммоларни ҳал этиш мақсадида Президентимиз томонидан барча имкониятлар яратиб берилганлиги, молиявий манбалар ҳам ҳал қилиб берилган. Лекин, айрим жойларда мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаяпти.

Хусусан, маҳаллалардаги ишларнинг амалда бажарилиши, тақдим этилган ҳисоботларда қўшиб ёзишларга йўл қўйилганлиги, ободонлаштириш, фуқаролар бандлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларнинг талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди. Масъуллар огоҳлантирилиб, айримларига интизомий жазо чораси қўллаш бўйича топшириқлар берилди.



Ўтказилган йиғилиш давомида тез муддатда бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, аниқ топшириқлар берилди ва ўз вазифасини бажаришга бефарқлик билан қараётган раҳбарлар қатъий огоҳлантирилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси Беруний туманидаги аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш ва қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, янги иш ўринларини яратиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси Тўқимачи МФЙ ҳудудида янгидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиши билан танишди. Таъкидлаш жоизки, жорий йилда 7 ва 5 қаватли жами 24 та кўп қаватли уй қурилиши белгиланган бўлиб, қурилиш ишлари якунлангандан сўнг 812 та хонадон фойдаланишга топширилади.

Шундан сўнг, Президентимизнинг Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган 129-сонли фармони билан бевосита ер олиб, халққа хизмат кўрсатиш масканини қураётган «Шоҳ Аббос Мирзо» МЧЖ ишлари, шунингдек, туман марказидаги Тўрткўл кўчасида амалга оширилаётган реконструкция ишлари бориб кўрилди. Мутасаддиларга қурилиш ишларини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Беруний туманлараро Перинатал марказида рақамлаштириш бўйича олиб борилган ишлар ҳам кўздан кечирилди. Фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар ўрганилди.

«Тўқимачи» маҳалласидаги «Олтин саодат асри» МЧЖ корхонасида қурилиш ва маиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш ишлари кўздан кечирилди. Президентимиз томонидан берилган имтиёзлар асосида тадбиркор хизмат турларини кенгайтириб, иситиш қозонлари, қурилиш-пардозлаш маҳсулотлари, замонавий эшиклар ишлаб чиқариш каби янги йўналишлар бўйича аҳолига хизмат қилмоқда. Ўз навбатида, мутасаддиларга тадбиркорнинг ўз фаолиятини янада кенгайтириши учун барча кўмакларни бериш бўйича топшириқлар берилди.

Туманда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш жараёнида Жўқорғи Кенгес Раиси уй олдидаги томорқасида йилига бир неча юз миллион сўм даромад олишни йўлга қўйган Умар Машарипов, узумчилик, картошка етиштириш ва боғдорчиликнинг сирларини чуқур эгаллаган Машариб Аитовнинг хонадонида бўлди. «Бўстон» маҳалласи тажрибаси Қорақалпоғистон бўйича оммалаштирилгани, бу тажрибани яна кўплаб хонадон ва маҳаллаларга етказиш кераклиги таъкидланди. Ўрмон хўжалиги ер майдонлари кўздан кечирилди. Кузги дарахт экишга ерларни ва кўчатларни тайёрлаш, ишларни уюшқоқлик билан олиб бориш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.







Президентимиз қарори билан ёшларга 30 йилга берилган ер майдонлари, хусусан, «Саройкўл» ва «Турон» маҳаллалари ҳудудидаги «Бир контур – бир маҳсулот» мезони асосида экилган ерлар бориб кўрилди. Айни пайтда қовун-тарвуз ва бошқа полиз маҳсулотлари экилиб, тез орада мўл ҳосил олиниши кутилмоқда.

Фермер хўжалигида ташкил этилган ишлар билан ҳам танишди. Экспортга мўлжалланган мевалар, хусусан, олма, ўрик, узум каби мевали дарахтлар экилган майдонлар бугун ҳосилга кирган. Иссиқхонасида ҳам мўл ҳосил олинмоқда.

Беруний туманидаги деҳқончилик, боғдорчилик, томорқадан мўл даромад олиш бўйича бой тажриба барча шаҳар ва туманларимизда шундай намуна асосида ташкил этилса, кўпчиликнинг юқори даромад олишига, иш ўринлари яратилиб, аҳоли фаровон турмуши юксалишига эришилиши алоҳида таъкидланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги