Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди

Республикамизнинг барча жойларида бўлгани каби, Нукус шаҳридаги 27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида «1 июнь – халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов иштирок этиб, болалар боғчасида тарбияланаётган болаларни байрам билан табриклади.

Байрам кечасида таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар каби, таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ўсиб келаётган ёш авлоднинг замон талабига мос таълим-тарбия олиши, саломатлиги мустаҳкам бўлиши ва етук инсон бўлиб камол топиши учун кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда замонавий таълим масканлари қад ростлаб, уларда юртимиз ўз устозларидан пухта билим олмоқда. Яратилаётган бундай қулай шароитлар фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов болаларга байрам муносабати билан совғалар топширди.

Байрам тадбири болалар ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги