Она ва бола саломатлиги мамлакатимиз келажагининг пойдевори

488

Мамлакатимизда сўнгги йилларда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 сентябрдаги «Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Республика «Она ва бола скрининг» маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди. Президентимизнинг бу қарори жуда муҳим бўлиб, соҳада Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган ислоҳотлар янада такомиллаштирилаётганини англатади.

Мазкур қарор асосида Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий филиаллари ташкил этилиб, айни пайтда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, туғма нуқсони бор, ирсий касалликнинг олдини олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, хавф омиллари аниқланган аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни даволаш ва зарур ҳолларда республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига юбориш; никоҳланувчилар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар ҳамда гўдакларни молекуляр тиббий-генетик текширувлардан ўтказиш; ирсий касалликлар аниқланган болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш; соғлом оилани режалаштириш ҳамда исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш чоралари амалга оширилмоқда. Шунингдек, ирсий касалликлари бўлган болалар махсус дори воситалари ва озиқ-овқат билан таъминланиши белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий маркази томонидан 2024 йил давомида 30001 ҳомиладор аёл ультратовуш аппарати текширувидан ва (РАРР-А) -357, (АФП/ХГЧ) -3520 ҳомиладор аёлларга биокимёвий текширувлар ўтказилди.

Жумладан, ўтган 2024 йилда 274 нафар ҳомиладор аёлда туғма ривожланиш нуқсони аниқланди, 274 нафарига ҳомиладорликни тўхтатишга ордер берилди.

2024 йилда барча тирик туғилган чақалоқларнинг 28800 нафардан туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия касалликларига неонатал скрининг текширувлари ўтказилиб, шундан 217 нафар чақалоқ туғма гипотиреоз касаллиги хавф гуруҳига киритилди ва диспансер назоратига олинди. Хавф гуруҳига олинган чақалоқлар ичида 12 нафар чақалоқда туғма гипотиреоз касаллиги аниқланди ва ўз вақтида тегишли дорилар билан таъминланди. Шу кунга қадар 129 нафар бола туғма гипотиреоз касаллиги билан диспансер назоратига олиниб, ўз вақтида лаборатор текширувлар ўтказилди ва 357 дона «Eutiroks-100» препарати билан бепул таъминланди.

Ўтган 2024 йилда фенилкетонурия касаллигига чалинган 131 нафар чақалоқлар хавф гуруҳига киритилиб, диспансер назоратига олинди ва ушбу чақалоқлар ичида 3 нафар чақалоқда фенилкетонурия касаллиги аниқланиб, ўз вақтида махсус гидролизатлар билан бепул таъминланди. Шу кунга қадар 26 нафар бола фенилкетонурия касаллиги билан диспансер назоратига олинди ва ўз вақтида лаборатор текширувлар ўтказилди ҳамда «Nutrigen-70» 9 нафар болага 65 дона, «Komida V» 14 нафар болага 98 дона тарқатилди. Диспансер назоратида турган спинал мушак атрофияси билан касалланган болаларга 2024 йилда СМА (рисдисплам) 129 флакон 7 болага тарқатилди. Шу билан бирга 186 нафар бемор болаларнинг Хромосомаларининг кариотипланиш таҳлили ўтказилди, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасидан – 138 бола, Хоразм вилоятидан – 48 бола.

Олиб борилган текширувлар натижасида, ўтган 2024 йилда муковиссидоз касаллигини аниқлаш учун ўтказилган тери синови ёрдамида 19 нафар чақалоқда муковиссидоз касаллиги аниқланди. Диспансер кузатувида турган спинал бу мушак атрофияси билан касалланган болаларга 2024 йилда СМА (рисдисплам) 129 флакон 7 болага тарқатилди.

Тиббиёт марказимизга республикамизнинг барча жойларидан ҳомиладор аёллар тиббий кўрикдан ўтишга келар экан, бизнинг вазифамиз она ва унинг ҳомиласининг ҳолатини текшириб, боланинг туғма нуқсон ва ирсий касалликлар билан туғилишининг олдини олиш бош вазифамиз ҳисобланади. Бу борадаги ишларимизни такомиллаштириш ва яқин қариндошлар ўртасида никоҳнинг олдини олиш, ўз саломатлигига эътиборсиз бўлмаслик ва оилада туғруқни режалаштириш билан ҳомиладорликка тайёргарлик, шу билан бирга гиёҳвандлик, алкоголь, тамаки каби зарарли одатлардан сақланиш бўйича маҳаллаларда, ўқув юртларида бўлиб, хотин-қизларга тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. Шу борадаги ишларимиз оналар ва болалар саломатлиги учун зарур бўлган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «Яшил макон»га айлантириш чоралари ҳам жойларда самарали олиб борилмоқда. Албатта, олиб бораётган ишларимиз ўз натижасини бериб, юртимиз келажаги учун соғлом фарзандлар туғилишига эришиш бизнинг бош мақсадимиз ҳисобланади.



А.Каландарова,
Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий амалий маркази директорининг Она ва бола скрининг масалалари бўйича ўринбосари

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги