Эзгу ишларга бағишланган ҳаёт  эгаси

291

Ҳаёт – бу баланд тоғқа ўхшайди, у тоғнинг чўққисига чиқишимиз учун, олдинга қараб ҳаракатланамиз, юқорига интиламиз.

Ҳаёт гузар йўл сингари, гоҳ текис, гоҳ ғадир-будур. Ундан юриб ўтиш учун чидамлилик, эпчиллик зарур.

Ҳаёт – оқар дарё, бир зумда сувдек оқиб чиқади, ёшимиз улғайгандагина мен нима қилдим, умримни қандай яшадим, – деб ўйлаб қоламиз.

Ҳаёт – бу майдон, у кураш майдонидир. Ҳаёт фақат яхшиликлардан иборат эмас, яхшилик билан ёмонлик курашиб юради. Турли тўсиқлар, ўзингиз кутмаган ҳодисалар, ечими қийин муаммолар ҳам учрайди. Шуларни енга билган одамгина ҳаётда яшашнинг маъносини чуқурроқ тушунади.

Ҳаёт китоби мазмунга бой, ҳар бети қизиқарли воқеалар билан тўла замондошларимиз биздан олдин ҳам яшаб ўтган, ҳозир биз билан орамизда яшамоқда. Шулардан бири 80 йиллик онгли ҳаётини эзгу ишларга бағишлаган, республикамизда транспорт, ўрта махсус касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган транспорт соҳаси фидойиси, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат курсатган транспорт ходими, марҳум Назарбай Халмуратов ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Қаҳрамонимиз айнан уруш бошланган йили дунёга келган. Болалик даври жуда сезиларли бўлмагани билан барибир бошқача. Ўйин боласининг оқ-қорани ажрата олмайдиган пок қалбида янги тушунчаларни шакллантириб, келажакда ҳаётнинг мураккаброқ эканлигини чуқурроқ англаши учун мактабдаги дастлабки дарс – «Алифбе»ни болаларга хос катта қизиқиш, алоҳида ғайрат билан ўрганиши унинг келажагига йўл солмоқда эди. Айниқса, 5-6-синфга келганида математика фани ўқитувчиси, устози Даўен Опаевнинг  кўп сонли севимли шогирдлари бирига айланади.

«Мактаб – ақлинга ақл қўшади, ўқутувчи – келажак йўлини чизади,» деган гапда чуқур мано бор. Ўша устозининг ўқитиш маҳорати, фанга бўлган қизиқишини уйғота олиши қаҳрамонимизнинг келажакда бир касбнинг бошига «бош ип» тақишига сабаб бўлади ва натижада мактабни тугатиши билан Нукус давлат педагогика институтининг физика-математика факультетига ўқишга киради. Ўқишда талабалик йиллари билан армия сафидаги хизмат қилган йиллари алоҳида бир ҳикоя, шундай бўлса-да у йилларнинг қаҳрамонимизнинг «Назарбай Халмуратов» бўлиб танилишига, жамоат арбоби, машҳур устоз бўлиб шаклланишига сезиларли ҳиссаси бўлганлигини айтиб ўтиш ўринли.

«Ҳақиқий бойлик меҳнатдан кўринади, ҳаёт ўргатиб донишманд қилади. Ақлим – отам, билимим – бобом,»- дейди доно Кийикбой бий. Донишмандлар ҳаёт тажрибасидан кўриб, турмуш деган элакдан элаб, шундан кейин қолган мағзини бизга айтиб кетган-ку. Айни кучга тўлган, билим ва ҳаётий тажрибага эга, дипломли мутахассис албатта давлатга керак. Унинг ҳаёт йули Нукусда янги очилган автомобиль йўл қурилиши техникуми билан боғланиб, ўша ерда дастлабки меҳнат йўлини бошлайди. Ўша пайтдаги техникум директори Тимур Камалов: «Армия сафида бўлган экансанг, техникумда ёшлар ташкилотини сенга топширмоқчиман, ҳаммасини ўзинг эплай оласан,»-деб катта ишонч билдиради. Янги очилган техникум 1965 йили 150 ўқувчиси, 8 автомашинаси билан 8 йиллик мактаб биносида иш бошлайди.

Бу ҳаётда ҳар бир нарсанинг тарихи бор. Ўша техникум ишга тушган йиллари ўқитишнинг барча талабларига тўлиқ жавоб бера олмаганини ўша даврни бошидан ўтказганлар билади. Барча қийинчиликлар ортда қолиб, техникум аста-секин оёққа туриб, зарур асбоб-ускуналар, малакали кадрлар билан тўлдирилиб борилди. Орадан йиллар ўтиб ўша техникумни битириб чиққан талабалар орасидан давлат хизматчилари, вазирлар, сенаторлар, халқ депутатлари, республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларига керакли малакали мутахассислар етишиб чиққан.

 

Ҳаётда ҳар бир одамнинг ўз глоссарийси бўлади, шунинг билан бирга кўп қўллайдиган сўзлари ҳам бўлади. Назарбой аканинг энг кўп қўллаган сўзлари: «ўқинг, ўрганинг, эсингизда сақланг» деган сўзлар бўлса керак. Мана шу сўзлар орқали унинг изидан талай шогирдлар эргашди. Ўзи ёшлигида ишонч билдирган устозининг этагидан қандай тутган бўлса, вақт ўтиб ўз навбатида унинг изидан эргашувчилар ҳам кўп бўлди.

Бир донишманд: «Ўқутувчи берган билим – саҳрода дўстингиз, ҳаёт йўлларида суянчингиз, ёлғизликда мададкорингиз, одамлар орасида обрўйингиз, душманларга қарши қурол бўлиб хизмат қилади,» деган эди. Шу айтгандай у берган билим, қолаверса шогирдларининг билимга чин ихлос қўйиши орқали ўрганганлари умри бўйи турмуш аравасини қийинчиликсиз торта олишида катта ёрдам бўлди.

Назарбай Халмуратов шундай талабчанлиги билан кўп ўтмай техникум раҳбарларининг назарига тушиб, унга директор ўринбосари лавозими тасдиқланди. У ишлаган йиллари ёшларга талабчанлик билан интизомга бўйсунишни ўргатиш,  таълимнинг кундалик дастури жорий этилишига катта эътибор қаратилиб, натижада техникум ёшлари орасидан спортда, ўқув- ишлаб чиқариш амалиётида муваффақиятларга эриша оладиган билимли ёшлар етишиб чиқди. Бу йилларда техникумда ўқув-ўқитиш ишларининг амалиёт билан ҳамоҳанг олиб борилиши учун ўқув юртининг ўқув-ишлаб чиқариш базасини кенгайтириш ва замон талабига мос жиҳозлаш ишларида ҳам туб ўзгаришларга эришилди. Унинг фаоллиги  билган юқори турувчи ташкилот раҳбарларидан айрим партия, ёшлар ташкилотларига «ишга кел,» деб таклиф қилганида Назарбой Холмуратов ўзи кўнгил қўйган касбига ва ўзи пойдеворини қўйишда фаол иштирок этган техникум жамоасини ташлаб кетмади. Ўша техникумнинг тарихи ёзилса, шу инсоннинг исми биринчилардан бўлиб ўша китобга қўшиб ёзилишини ҳисобга оладиган бўлсак, ўша ердан пенсияга чиқиб кетаман дегунгача фидойилик билан хизмат қилган ҳақиқий таълим жонкуяри бўлди. Ундан ташқари, ишлаб чиқаришнинг қон томири ҳисобланган автотранспорт мутахассисларини тайёрлашда сусткашлик, техникум битирувчиларида  камчилик бўлмаслиги керак деб ҳисоблаб, йўл қурилиши корхоналарига йўлланма билан борган техникум битирувчилари чала савод, уқувсиз экан деган гапга қолмаслигини доимо такрорлаб, тайёрлаётган мутахассисларининг техникумга обрў келтиришини чин юракдан хоҳларди.

«Фақат уч нарса одамнинг бошқалардан устунлигини кўрсатади: истеъдод, илм ва яхши хулқ,» – дейди Дени Дидро. Назарбой Халмуратовда шу уч нарса бор эди, шунинг учунгина у бошқалардан доимо юқори, борган ерида ўрни тўрдан бўлди. Чунки у устоз эди.

Устоз – бизга билимлар оламининг эшигини очиб, ҳаёт, Ватан, она, яхши-ёмон, оқ билан қора, дўст-душман, гўзаллик, дўстлик, ҳалоллик, қувонч, муҳаббат каби турли тушунчаларнинг маъносини ўргатган инсон сифатида қалбимизда мангу қолади. Назарбой ака ҳам устозлик мақомига эришиб, кўплаб шогирдларнинг қалбидан жой олди.

Инсон дунёга келар экан, дурустроқ йўлни босиб ўтгандан сўнг, ўзига: «мен нималар қилдим, ортимда нима қолдиряпман, Ватанимга муносиб Одам бўла олдимми?» каби саволлар бериб, ўзининг қилган ишларини тарозига тортиб кўрар экан. Замондошлари, шогирдлари Назарбой акани эслар экан, уни чин маънода ҳалол инсон, ҳақиқий касб эгаси, ҳақиқатгўй, кўплаб мақтовга арзигулик шогирдлар тарбиялаган устоз сифатида кўради. Унинг ушбу меҳнатлари муносиб баҳоланиб, «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган транспорт ходими» фахрий унвонига лойиқ деб топилди.

Ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом ҳақидаги ривоятда минг йилдан кўпроқ умр кўриб, нафаси тугаётган пайтда ундан, «Эй улуғ зот, шунча узоқ умр сурдингиз, сиз дунёни қандай тушундингиз?»-деб сўрабди. Шунда у: «Дунё – бир ҳовлининг икки эшиги бўлиб, уларнинг биридан кириб, бошқасидан чиқиб кетдим,» деган экан.

Албатта, ҳаёт  билган одам  учун  жуда  қисқа. Шуни англаган ҳолда, ўзимдан кейин яхши ном, яхши фарзанд қолдираман дейдиганлар, афсуски, кўп эмас. Назарбой Холмуратов ўзидан бир-биридан тарбияли 2 ўғил, 4 қиз фарзанд қолдирди, уларнинг барчаси ҳам эл корига яраган инсонлар бўлиб етишди. Улар ўсиб-униб, катта нарвон шох ёйиб, акамизнинг авлодлари кўпайди. Ҳозир уларнинг барчаси ҳам Назарбой ака қуриб кетган йўлдан боряпти, у йўл бахтга олиб боради, чунки бахтнинг манзили бор.

Қундуз Жумағалиева, журналист

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги