Сотувчиларни олди-сотди шартномасида кўрсатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажаришга ундайдиган нормалар жорий этилади
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига, шунингдек, йод етишмаслиги касалликларини профилактика қилиш ва уларнинг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, талон-торож қилганлик, ички ишлар органлари ходимининг ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг қонуний талабларини бажармаслик учун жазо чораларини кучайтириш, шунингдек, савдо соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, истеъмол бозорини йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга доир чоралар кўриш зарурияти юзага келмоқда.
Шу боис, мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга энергия ресурсларини оз миқдорда талон-торож қилиш ҳамда ички ишлар органлари ходимининг ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга сотувчиларни олди-сотди шартномасида кўрсатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажаришга ундайдиган нормаларни белгиловчи қўшимча киритилмоқда.
Таъкидланганидек, 2024 йилда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига истеъмолчилардан келиб тушган 30 мингдан ортиқ мурожаатнинг 4 минг 213 тасида сотувчилар томонидан товарлар (автомобиль, маиший техника, тайёр овқат, мебель ва бошқалар) келишилган муддатларда етказиб берилмаганидан норози бўлган.
Бундан ташқари, биргина автомобиль олди-сотдиси бўйича шартномаларда кўрсатилган муддатларга риоя этилиши тизимли равишда ўрганилганда 5 минг 332 ҳолатда сотувчилар томонидан автомобилларни етказиб бериш муддатлари бузилиши аниқланган.
Қонун билан олди-сотди шартномасига мувофиқ сотувчи шартномада белгиланган муддатда товарни истеъмолчига етказиб бермаган тақдирда сотувчи кечиктирилган ҳар бир вақт бирлиги (шартномада кўрсатилган дақиқа, соат, кун) учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида истеъмолчига пеня тўлаши, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси топширилмаган товар баҳосидан ошиб кетмаслиги кераклиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонунга мамлакатимизда фақат йодланган ош тузи ишлаб чиқарилишини, олиб кирилишини ва реализация қилинишини, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда йодланган туздан мажбурий тарзда фойдаланилишини, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ош тузини ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини йодлашга, йодланган тузнинг муомаласига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини белгилаш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун мамлакатимизда қонун устуворлигини, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча ҳуқуқий асосларни яратишга, шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА