Солиқ кодексига аҳолига қулайликлар яратадиган янги нормалар киритилмоқда
Давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм ва маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, шу жумладан, аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил равишда фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди.
Аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш ва зарур ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиришдан кенг фойдаланишни янада қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш зарурати юзага келмоқда.
Шунинг учун Солиқ кодексига электрон ҳужжатда уни имзолаган шахснинг розилигини ифодалайдиган ҳамда уни идентификация қилиш имконини берадиган электрон тасдиқлаш усулларидан фойдаланишга тааллуқли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев қонун билан ортиқча ундирилган солиқларни солиқ тўловчининг аризасига мувофиқ келгуси тўловлар ҳисобига киритиш муддати 15 кундан 3 кунга қисқартирилаётганини маълум қилди. Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этишда иштирок этган фуқароларнинг, шунингдек, уларнинг эри (хотини)нинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари тўлиқ даромад солиғидан озод этилмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида масофадан туриб электрон давлат хизматларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлари ҳисобидан ҳисобга олиш тартибини янада соддалаштириш, айрим тоифадаги шахсларга солиқ имтиёзларини бериш ўз аксини топганини таъкидлаб ўтди.
Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА