Болалар байрамига бағишланган хайрия тадбири ўтказилди

Ҳар йили ёз ойининг биринчи куни, яъни 1 июнда – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни юртимизда кенг нишонланади. «Болаларга беринг дунёни» шиори остида ўтказиладиган ушбу байрам 1925 йилда Женевада болалар ҳуқуқига бағишланган Бутунжаҳон конференциясида ташкил этилган ва орадан 25 йил ўтиб, 1950 йилдан бошлаб халқаро байрам сифатида нишонланиб келинмоқда.
Шу сана муносабати билан Амударё туманида тадбиркор Дилдора Хайтбоева томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Тадбир доирасида Ногиронлар жамияти туман бўлими томонидан имконияти чекланган 40 нафардан ортиқ 7-17 ёш оралиғидаги ногиронлиги бўлган болалар иштирок этди ва улар ўртасида «Гўзал ранглар жилваси» мавзусида расм чизиш бўйича мусобақа ўтказилди.
Хайрия тадбирида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши раиси Улуғбек Жалменов иштирок этиб, болаларни байрам билан самимий табриклади.

Ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларга яхши кайфият улашиш мақсадида ташкил этилган байрам тадбирида болажонларга совғалар улашилди, маданий ҳордиқ дастурлари намойиш этилди.
Ҳомийлик тадбирида туман Маданият бўлимининг санъаткорлари иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, 2-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг ижросидаги бетакрор чиқишлар барчага кўтаринки байрам кайфиятини улашди.
Турли таомлар, ширинликларга тўла дастурхон ёзилиб, болаларга туҳфа этилди. Тадбиркор Дилдора Хайтбоева томонидан 3 нафар болага велосипедлар совға қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари тадбиркорнинг ушбу эзгу ташаббуси жамиятимизда меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва хайр-саховат қадриятларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги