Ёшларимизга илм – энг улуғ шараф бўлмоқда

424

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Нукус филиали республикамиздаги энг сўнгги очилган замонавий мактаблардан бири бўлиб, ушбу мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 апрелдаги «Ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони асосида ташкил этилди.

Мактабда ўқувчиларга математика, информатика, физика ва инглиз тили фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади.

Шунингдек, мактабда энг замонавий компьютер хоналари, кимё, биология, физика лабораториялари ҳамда робототехника, ИТ тўгараклари ҳам мавжуд бўлиб, ўқувчиларнинг назарий билимлари амалий жиҳатдан мустаҳкамланади.

Якунланаётган ўқув йилида ушбу мактабни 32 нафар ўқувчи тамомламоқда. Юртимиздаги барча мактабларда бўлгани каби, «Илм – энг улуғ шараф» шиори остида «Сўнгги қўнғироқ» тадбири ушбу мактабда ҳам тантанали равишда бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов иштирок этди ва Президентимизнинг мактабларни битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, Вазирлар Кенгаши Раиси намунали, фаол ўқувчиларга ва уларни вояга етказган ота-оналарига, уларга таълим берган устозларга миннатдорлик билдирди.

– Мактабимизни 2024-2025-ўқув йилида 32 нафар ўқувчи битираётган бўлса, шулардан 1 нафар ўқувчи хорижий давлатлардаги 14 та олий таълим муассасасига, 2 нафар битирувчи хорижий давлатларнинг юртимизда жойлашган олий таълим муассасалари филиалларига грант асосида ўқишга қабул қилинди, – дейди мактаб маслаҳатчиси Қутлимурод Мақсетов. Келажакда, бизлар бу битирувчиларимиздан катта умидлар кутиб ўтирибмиз. Фурсатдан фойдаланиб, барча битирувчиларни мактабни муваффақиятли тамомлагани билан табриклаб, уларга оқ йўл тилаб қоламан.

Тантанали тадбир мактаб ўқувчиларининг қизиқарли концерт дастури билан кўтаринки руҳда давом этди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.