Қорақалпоғистон делегацияси амалий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига борди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Президентимиз топшириғи билан Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида дастлаб «2 Point Zero» компанияси ижрочи директори Марям АлМхеири билан учрашув ўтказилди.


Учрашувда дастлаб Президентимиз ва Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарлари томонидан йўлга қўйилган ва тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва яқин шериклик алоқалари кенг таъкидланди.
Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг инвестициявий салоҳияти, иқтисодий кўрсаткичлари, истиқболли халқаро лойиҳаларни амалга ошириш бўйича яратилган шароитлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Унда компаниянинг молиявий хизматлар, сунъий интеллект технологиялари, муҳим ресурслар, рақамли трансформация ва бошқа йўналишлардаги тажрибалари қайд этилиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистондаги мавжуд конларда ҳамкорликда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва экологик хавфсиз ўзлаштириш, икки мамлакат университетлари ва илмий муассасалари билан биргаликда қўшма тадқиқот марказлари ва кадрлар тайёрлаш дастурларини ташкил этиш, республикамизнинг туризм соҳасида ҳали очилмаган имкониятларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.


Шундан сўнг «Burjeel holdings» ва «Life Pharma» компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Етакчи интеграциялашган нодавлат тиббий хизмат кўрсатувчи компаниялардан бири бўлган «Burjeel holdings» вакиллари билан музокараларда тиббий ёрдам соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, диагностика, профилактика, соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, маҳаллий шифокорларнинг билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тажриба алмашишни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистондаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратони касаллигини эрта босқичда аниқлаш мақсадида мобил маммография ускуналарини етказиб бериш ва юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш бўйича келишувга эришилди.
«Life Pharma» компанияси вакиллари билан фармацевтика соҳасини ривожлантириш, Қорақалпоғистонда ўсадиган, халқаро даражада юқори экспортга эга доривор ўсимликлардан бири бўлган қизилмия илдизини қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби долзарб масалалар кўриб чиқилди. Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.
Ўтказилган учрашувларда қатор манфаатли келишувларга эришилди, муҳим шартномалар имзоланди. Ҳамкорлик бўйича истиқболли лойиҳалар кенг муҳокама қилинди. Бирлашган Араб Амирликларига бўлган амалий ташриф давом этади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги