Кинологлар аҳолига пуллик хизмат кўрсатмоқда

Кейинги йилларда ички ишлар органлари кинология бўлинмаларининг фаолиятини такомиллаштириш, соҳада хизмат итларининг наслчилиги ишлари самарадорлигини ошириш ҳамда хизмат итларини тайёрлаш ва ушбу йўналишда кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органларининг кинология хизматлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 9 сентябрдаги 750-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қарори Ички ишлар органлари кинология бўлинмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларни моддий рағбатлантириш, шунингдек, аҳолига пуллик хизматлар кўрсатишни ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда соҳага доир қонунчилик ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришга хизмат қилмоқда.

–Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизматининг жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Кинология бўлинмасининг бошлиғи, подполковник Руслан Утеулиев. – Жумладан, кинология бўлинмаларида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларни умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмаларига тайёрлаш, наслчилик питомнигида етиштирилган ва ички ишлар органларининг эҳтиёжидан ортиқ бўлган ҳамда хизматга яроқсиз деб топилган итларни сотиш бўйича аҳолига пуллик хизматлар кўрсатилмоқда. Ўтган йили 8 нафар, жорий йилда 5 нафар жисмоний ва юридик шахсга тегишли итларни умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмаларига тайёрлаш бўйича пуллик хизмат кўрсатилган бўлса, ўтган йили эҳтиёждан ортиқ ва хизматга яроқсиз деб топилган 14 та, жорий йилда 4 та хизмат ити аҳолига сотилди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, 2024 йил давомида Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кинология бўлинмаси ҳамда биринчи, иккинчи ва учинчи зонал ҳудудлар, зонал мувофиқлаштириш маркази кинология гуруҳлари ходимлари томонидан хизмат итлари иштирокида 428 та жиноят ишига қарши курашилган, жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида эса хизмат итлари иштирокида 308 та жиноятнинг фош этилишига эришилди. Уларнинг 92 таси гиёҳванд моддалар билан боғлиқ, 207 таси ўғрилик, 1 таси қотиллик ва 8 таси бошқа турдаги жиноятларни ташкил этади.

Ички ишлар органларида амалга оширилаётган тизимли ишлар кинология бўлимлари фаолиятини такомиллаштириш, ходимларнинг касбий малакасини ошириш, хизмат итлари ёрдамидан самарали фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олишда аҳоли билан ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири