Шахмат: Дудани енгган Абдусатторов Фирузджа билан куч синашади

127

Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида классик шахмат бўйича давом этаётган “Superbet Chess Classic Romania-2025” турнирининг 7-турида ғалабага эришди.

Ўтган 6 та турнинг 5 тасида дуранг, 1 тасида мағлубият ҳолатида нуфузли мусобақада қатнашаётган Абдусатторов 7-турда польшалик Ян-Криштоф Дудани мағлубиятга учратиб, етакчиликка даъвогарлар қаторига қўшилди.

Мазкур натижадан кейин 3,5 очкога эга Н.Абдусатторов қўшимча кўрсаткичлар эвазига 7-ўринга кўтарилиб олди.

Бугун, 15 май куни мусобақанинг 8-турида ҳамюртимиз турнир жадвалида иккинчи ўринда бораётган Алиреза Фирузджа билан куч синашади.

Мукофот жамғармаси 350 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг ортда қолган 7 та тури ҳолатида 4 нафар шахматчи 4 очко билан етакчилик қилаётган бўлса, 4 нафар иштирокчи ҳисобида 3,5 очко бор. Охирги ўринларни банд этган 2 нафар шахматчи 2,5 очкога эга.

Т.Рўзиев, ЎзА