Шахмат: Осиё чемпионатининг сўнгги 9-турида Нодирбек Ёқуббоев – Шамсиддин Воҳидов куч синашади

Бугун, 15 май куни Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида шахмат бўйича ўтаётган Осиё чемпионатининг сўнгги 9-тур ўйинлари ташкил этилади.
Айнан бугун жорий йил 31 октябрь-27 ноябрь кунлари Ҳиндистонда эркаклар ҳамда 5-29 июль кунлари Грузияда аёллар ўртасида ўтадиган жаҳон кубогида қатнашиш ҳуқуқини Осиё қитъасининг қайси шахматчилари қўлга киритишига ҳам ойдинлик киритилади.

Айтиш лозим, Ал-Айнда давом этаётган қитъа чемпионатининг эркаклар мусобақасида кучли ўнликдан ўрин олганлар, аёллар баҳсида 1 ва 2-ўрин соҳиблари жаҳон кубоги йўлланмасига эга чиқади.
Кеча ўтган 8-тур баҳсида ҳамюртимиз Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда россиялик Иван Землянский билан муроса йўлини танлаган ҳолда очколари сонини 6 тага етказиб олди ва қўшимча кўрсаткичларга кўра, 2-ўриндаги ўрнини мустаҳкамлади.

Ушбу турда Муҳиддин Мадаминов қора доналарда ҳиндистонлик Нараянан Сунилдутҳ Лйнага имкониятни бой бериб қўйган бўлса, Нодирбек Ёқуббоев оқ доналарда ҳиндистонлик Асватҳдан устун келди.
8-турда Гулруҳбегим Тоҳиржонова оқ доналарда россиялик Анастасиа Боднарукни мағлуб этди. Афрўза Ҳамдамова қора доналарда ҳиндистонлик Свати Гҳате билан дурангга эришди.

Қитъа чемпионатининг бугун ўтадиган сўнгги 9-турида Шамсиддин Воҳидов – Нодирбек Ёқуббоев “дуэли” рўй беради.
Аёллар мусобақасининг 9-турида Гуоруҳбегим Тоҳиржонова қора доналарда хитойлик Юухин Сонг билан, Афрўза Ҳамдамова оқ доналарда россиялик Марина Якимова билан куч синашади.

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 80 минг АҚШ долларидан иборат чемпионатнинг эркаклар мусобақасида 33 мамлакатнинг 156 нафар, аёллар баҳсида 23 давлатнинг 101 нафар шахматчиси дона сурмоқда. Унда ўзбекистонлик 12 нафар эркак ва 15 нафар аёл шахматчи қатнашмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА