Трамп Аш-Шараъ билан учрашди

АҚШ президенти Дональд Трамп Ар-Риёдда Сурия етакчиси Аҳмад Аш-Шараъ билан учрашди.
– Улар Трампнинг минтақага сафари чоғида Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Форс кўрфази давлатлари раҳбарларининг кенгроқ учрашуви олдидан қисқа музокаралар олиб боришди, – деди Оқ уй расмийси.
Маълумот ўрнида: Билл Клинтон 2000 йилда Женевада Башарнинг отаси Хафиз Асадни Исроил билан тинчлик ўрнатишга кўндиришга уриниб кўрганидан бери ҳеч бир АҚШ президенти Сурия етакчиси билан учрашмаганди.

Сешанба куни Трамп Суриянинг иттифоқдошлари Туркия ва Саудия Арабистони талабларига жавобан Асад давридаги Сурияга нисбатан қўйилган “шафқатсиз” санкцияларни бекор қилишини айтди.
Сурия Ташқи ишлар вазирлиги Трампнинг ушбу қарорини барқарорликка эришишга ёрдам берадиган “асосий бурилиш нуқтаси” деб эътироф этди.
Шунингдек, Трамп Қўшма Штатлар Сурияни терроризм ҳомийлари қора рўйхатидан чиқариб ташлаши ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади. 1979 йилда Фаластин жангариларини қўллаб-қувватлагани учун сармоя кескин чеклаб қўйилганди.
Қоҳирадаги “Ал-Аҳрам” сиёсий ва стратегик тадқиқотлар маркази эксперти Рабҳа Сайф Алламнинг айтишича, АҚШнинг санкцияларни юмшатиши Сурияга жаҳон иқтисодиётига қайта интеграциялашиш имконини беради.
М.Пирматова, ЎзА