Тадбиркорлар учун сайёр қабул ўтказилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаевнинг Нукус шаҳри, Тахиатош, Хўжайли ва Нукус туманларидаги тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммо ва таклифлар бўйича сайёр қабули бўлиб ўтди.

Жўқорғи Кенгес Раиси дастлаб Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, инвестицион жозибадорликни ошириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлари асосида яратилган имкониятларга тўхталди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва  рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш орқали ҳудудга инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, тадбиркорларнинг таклифларини бевосита ўрганиш асосида келгуси етти йилда ривожлантиришнинг белгиланган пировард натижаларига эришиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича доимий фаолият юритувчи республика ишчи гуруҳи таркиби, шунингдек, тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Қабулда тадбиркорлар томонидан асосан ўз бизнесини ривожлантириш борасида дуч келаётган муаммолар, бюрократик тўсиқлар, молиялаштириш ва кредит ажратиш масалалари, кадастр, қурилиш, ер ажратиш борасидаги  мурожаатлар билдирилди.  Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан бу мурожаатларнинг аксариятига жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Вақт талаб этиладиган мурожаатлар назоратга олиниб, ижобий ҳал этиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.