Иқтидорли ўқувчилар учун синов майдони

Нукус шаҳридаги И.Юсупов номли ижод мактабида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Ижод ёшлари” республика танловининг Қорақалпоғистон  Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда ёшларнинг истеъдоди ва қобилиятини ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг илм-фанни эгаллашга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорини рўёбга чиқариш, узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шу жумладан, ижод мактабларида ўқувчи ёшларга буюк аждодларимиз ва адибларимизнинг бой ижодий меросини ўргатиш, уларни муносиб ворис этиб тарбиялашга йўналтирилган комплекс ўқув-тарбия жараёнлари йўлга қўйилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 1 апрелдаги “Ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган республика танловининг асосий мақсади, умумий ўрта таълим муассасаларининг 4-, 5-, 6-синфларида таълим олаётган ёш ижодкор ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг ижодий қобилиятларини янада ривожлантириш, назм, наср, бадиий публицистика, адабиётшунослик йўналишлари бўйича истеъдод ва қизиқишларини янада ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат. Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу танловнинг дастлабки босқичига Қорақалпоғистон Республикасидан 668 нафар ўқувчи ҳужжат топширган. Шундан иккинчи босқичга 59 нафари йўлланма олди.

Танловнинг ушбу босқичида 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган 6-синф ўқувчилари янги ўқув йилидан И.Юсупов номидаги ижод мактабига белгиланган қабул параметрлари доирасида имтиҳонсиз қабул қилинади. Шунингдек, 1-, 2-, 3-ўринларга сазовор бўлган 4-, 5-синф ўқувчилари келгуси йилда мазкур танловнинг иккинчи босқичида тўғридан-тўғри иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.