Қаҳрамонлар бор, хотира абадий

Мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрнига эга бўлган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз йўлида умрининг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказган инсонлар заҳматини бемисл жасорат сифатида баҳолайди.

Партия ғоялари, мақсад ва вазифалари моҳиятида ҳамиша ўтганлар руҳига эҳтиром кўрсатиш, тирикларни қадрлаш инсонийликнинг олий қадриятларидан бири эканлиги тараннум этиб келинади.

Хотира – бу қадр. Хотира – бу тарих. Хотира бу – ибрат. Зотан, кечаги кунимиз улуғларини ёд этиш, халқимиз келажаги йўлида жонини фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизнинг қадрига етишга, шукроналикка ўргатади. Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида кенг нишонланмоқда.

ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутатлари, “Ёшлар қаноти” аъзолари  Нукус шаҳри “Амударё” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи юз ёшни қарши олган  Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Қадирбай ота Нармановнинг хонадонида бўлди.

Партия фаоллари фахрий отахон билан дилдан суҳбатлашиб, унинг ҳаёт йўли, уруш йилларидаги машаққатли дамлари, жанговар хизматлари ҳақидаги ҳикояларини катта қизиқиш билан тинглади. Самимий суҳбат давомида ўтган кунлар хотираси, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз, ёшларнинг бахтли яшаши учун қилинган ишлар ҳақида илиқ сўзлар айтилди.

– Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти фидойилари ҳолидан хабар олиш партиямиз анъанасига айланган. Бу кун, нафақат урушда жонбозлик кўрсатган қаҳрамонларни ёдга олиш, балки уларнинг фидокорона хизматларини қадрлаш, ёшларга ватанпарварлик руҳини сингдириш учун ҳам муҳимдир, –дейди халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Иристи Қуттимуратова.

Дарҳақиқат, Қадирбай отанинг ҳикоялари тарихий ҳақиқатни ўзида мужассам этган бўлиб, уларда жасорат, матонат ва сабр-тоқатнинг ёрқин намунасини кўриш мумкин. Бу каби суҳбатлар, фахрийларга кўрсатилган эътибор ва ҳурмат ёшларга руҳий таянч, куч-қувват бағишлаб, уларни Ватанга, ўз юртига фидойилик билан хизмат қилиш руҳида тарбиялайди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.