Мардлик ва жасорат унутилмайди

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Афғон уруши фахрийлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, бу каби учрашувларнинг нафақат тарихий хотирани жонлантириш, балки ёш авлод қалбида ватанпарварлик, тинчлик, ҳамжиҳатлик ва садоқат туйғуларини кучайтиришдаги аҳамияти катта. Меҳмонлар ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари, жанг майдонидаги оғир дамлар, сафдош дўстлари билан боғлиқ воқеалар, хизмат йилларида дуч келган турли синовлар, шунингдек, мустақиллик берган имкониятлар  хусусида гапириб берди. Айниқса, улар ўртасидаги бирдамлик ва ҳар қандай шароитда бир-бирига кўрсатилган ёрдами бугунги ёшлар учун чинaкам ҳаёт сабоғи бўлади.

Тадбирда филиал талабалари томонидан Ватан, тинчлик ва жасорат мавзуларида тайёрланган шеърий ва мусиқий чиқишлар намойиш этилди. Меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.

Филиал раҳбарияти, меҳмонлар ва фаол талаба-ёшлар Нукус шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, Ватан озодлиги йўлида курашиб ўтганларнинг хотирасини ёдга олди. Шундан сўнг кўркам “Ватанпарварлар боғи”да жойлашган ҳарбий техникалар билан танишув ўтказилиб, уларнинг жанговар қудрати, яратилиш тарихи ва қуролланишдаги мақсади атрофлича тушунтириб берилди.

Таъкидлаш жоиз, Иккинчи жаҳон урушида Қорақалпоғистон халқи уруш бошланганида биринчилардан бўлиб 24 минг 500 нафари фронтга отланди. 4 минг 932 та от ва 1 минг 419 дона автомашина фронтга юборилди. 1943 йил 21 сентябрида эса фронтга йўлланма олганларнинг сони 43 минг 636 нафарни ташкил этган.

“Ватанпарварлар боғи”даги “Хотира уйи”дан ўрин олган ота-боболаримиз жасорати ҳақидаги маълумотлар, уруш йиллари даврий нашрларда чоп этилган мақола ва очерклар, ёзилган хатларнинг нусхалари ва бошқа маълумотлар ёшларда катта таассурот қолдирди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири