“Мотамсаро она” ҳайкали гулчамбарларга бурканди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб Нукус шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Қуролли Кучлар тизимига кирувчи тузилмалар, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ёшлар ҳарбий оркестр садолари остида ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйиб, Ватан озодлиги йўлида курашиб ўтганларнинг хотирасини ёдга олди.
Таъкидлаш жоизки, Иккинчи жаҳон урушида 66 минг нафар қорақалпоғистонлик иштирок этган ва улардан 34 минг нафари жанггоҳларда ҳалок бўлган. Қорақалпоғистондан фронтга сафарбар этилган 14 минг нафардан зиёд жангчи жанговар хизматлари учун давлат мукофотлари – унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига байрам табригида таъкидланганидек, ҳеч шубҳасиз, тинч ва фаровон ҳаёт посбонлари улуғланадиган ушбу мунаввар айёмда мустақиллик йилларида Ватанимиз озодлиги, халқимиз осойишталигини ҳимоя қилиш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Юртимизда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида кенг нишонланмоқда. Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси ва унинг оқибатида ногирон бўлган шахслар, фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.