Илмий салоҳиятли ёшлар – юрт келажаги

Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 14 февраль куни ёшлар билан очиқ мулоқот тарзида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларни илм-фанга қизиқтириш ва илмий фаолиятга жалб этиш бўйича амалга оширилган ишларга тўхталиб, жорий йилга муҳим вазифалар белгилаб берилди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан олий таълимга қаратилаётган алоҳида эътибор ва яратиб берилган имкониятлар натижасида бугунги кунда Қорақалпоғистонда 10 та давлат ва 2 та нодавлат олий ўқув юрти фаолият юритмоқда, –  дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Байрам Отемуратов. – Уларда қарийб 69 мингдан зиёд талаба-ёшга 2 минг нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи таълим бермоқда.

Олий таълим муассасалари талаба-ёшларнинг илмий-инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, ижодий имкониятларини рўёбга чиқариш, уларни муваффақиятли стартап лойиҳаларга айлантириш, бугунги кунда эълон қилинаётган “Бўлажак олим”, “TechnoWays” технологик ривожланиш марафони, “Мирзо Улуғбек ворислари” ва бошқа танловларда иштирок этиш мезонлари бўйича семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда. Ҳар йили талаба-ёшлар ўртасида уларнинг стартап лойиҳалари бўйича “Энг яхши ихтирочи,” “TechnoWays” технологик ривожланиш марафони каби танловлар ташкил этилмоқда.

Олий таълим муассасаларида докторантлар, таянч докторантлар ва мустақил изланувчилар фаолиятини олиб бориш учун Ахборот-ресурс марказларида илмий адабиётлар, авторефератлар ҳамда “Scopus”, “Web of Science”, “EBSCO”, “Springer Nature” ва бошқа хорижий маълумотлар базаларидан фойдаланиш йўлга қўйилган. Бу яратилган имкониятлардан докторантлар, таянч докторантлар ва мустақил изланувчилар фаол фойдаланмоқда.

2023-2024 ўқув йилида олий ўқув юртларини жами 698 нафар  нафар магистр битирган бўлса, шундан 326 нафари олий таълимдан кейинги таълим, яъни таянч докторантурага ўқишга қабул қилинди. Бу йилги ўқув йилида 1 минг 456 нафар талаба-ёшнинг битириши кутилмоқда.

Олий ўқув юртларида талаба-ёшларнинг илмий фаолият билан шуғулланишига яқиндан кўмаклашиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тегишли ихтисослик кафедралари ҳузурида 289 та тўгарак ташкил этилган. 2024 йилда олий ўқув юртида олиб борилган илмий-амалий ишлар натижасида 8 та патент олинган бўлса, жорий йил бошидан буён 5 та патент олинди. Бугунги кунда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ва Тошкент давлат ахборот технологиялари университети Нукус филиалларида Илмий кенгашлар ташкил этилган.

Талаба-ёшлар орасида иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, моддий ва маънавий рағбатлантириш, талаба-ёшларнинг қобилиятини янада ривожлантириш мақсадида мутахассислик фанлари бўйича “Ректор кубоги” олимпиадаси ташкил этилган. 2024 йилда қорақалпоғистонлик 2 нафар талаба “Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг республика босқичида ғолиб бўлди. Шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали Компьютер инжиниринги факультети сунъий интеллект мутахассислиги 2-курс талабаси Арман Оразов “Бўлажак олим” танловида ўзининг “Смарт Брайл” стартап лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.

Хулоса қилиб айтганда, Оролбўйида ёшларни илм-фанга қизиқтириш ва илмий фаолиятга жалб этиш бўйича барча масъул раҳбарлар билан биргаликда билим ҳамда имкониятлар тўлиқ сафарбар қилинмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.