Президент совғалари топширилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Қадирбай Нарманов ва Мария Иванова, фронт ортида меҳнат қилган Раўшан Самарканова ҳамда таниқли давлат ва жамоат арбоби, Меҳнат қаҳрамони Қаллибек Камалов хонадонида бўлиб, Президентимизнинг совғаларини топширди.

Жўқорғи Кенгеси раиси фахрийларни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги билан самимий қутлаб, уларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам табриги ўқиб эшиттирди. Шунингдек, ғалабага ҳисса қўшган қаҳрамонлар, фронт ортида хизмат қилган фахрийлар, юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилган нуронийларнинг эзгу ишлари доимо ёдга олиниб, уларга ҳурмат кўрсатилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 10 минг АҚШ доллари миқдорида бир марталик пул мукофоти, фахрийларга ҳам пул мукофоти, шунингдек, Президент совғалари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Нукус шаҳар ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар номидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Албатта, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, улар қаторида фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, аҳоли фаровонлиги йўлида фидокорона хизмат қилган меҳнат қаҳрамонларининг жасоратли ишлари келгуси авлодлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.