“Уфқ” спектаклининг тақдимоти бўлиб ўтди

297

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романида жаҳонда ҳеч қайси тилга таржима қилиб бўлмайдиган тушунчалар – орият, диёнат, ҳамият каби қадриятларимиз ғоят ҳаётий тарзда очиб берилгани, давр силсилаларидаги воқеликлар, Иккинчи жаҳон уруши, ижтимоий муҳитнинг инсон ҳаёти, миллионлар тақдирига таъсири бетакрор бадиий ифода этилгани билан адабиёт мухлислари меҳрини қозонган.

Ўзбекистон давлат драма театрида устоз ёзувчи Саид Aҳмаднинг “Уфқ” асари асосида саҳналаштирилган спектаклнинг премьераси бўлиб ўтди. Бир йўла тўрт кун давом этган ушбу спектакль тақдимоти мамлакатимиз театр санъати мухлисларида катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур адабий-бадиий асарни саҳнавий форматга ўтказишда – инсценировка қилишда устоз режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон Давлат мукофоти совриндори Олимжон Салимовнинг хизматлари, айниқса, беқиёс бўлди. Спектакль режиссёр Самидхон Лутфуллаев томонидан саҳналаштирилди.

Айтиш керакки, “Уфқ” спектакли юртдошларимизнинг инсонийлик, ватанпарварлик ва метин иродасини ғоят таъсирчан ва ҳаётий ифодалагани билан диққатга сазовордир.  Спектаклнинг муваффақиятида албатта устоз Олимжон Салимов, режиссёр Самидхон Лутфуллаев, маҳоратли актёрлар таркибининг юксак профессионал ёндашуви муҳим ўрин тутади. Театр мухлислари спектаклни катта қизиқиш билан кутиб олдилар.

“Уфқ” ўзбек адабиётида чуқур фалсафий ва ижтимоий маъно касб этган асарлардан бири бўлиб, унда инсон тақдири, ижтимоий ўзгаришлар ва маънавий изланишлар кенг ёритилган. Саҳна кўринишида эса бу мавзулар замонавий актёрлик маҳорати ва театр санъатининг имкониятлари орқали жонлантирилади.

Ўзбек саҳна санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшган “Уфқ” спектакли театр репертуаридан муносиб ўрин олиши шубҳасиз.

Спектакль тақдимотида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.

Н.Усмонова, ЎзА