Кичик қувватли атом электр станциясини жойлаштириш схемаси тасдиқланди

Куни кеча Энергетика хавфсизлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Алишер Султонов раислигида кичик қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида оператив штаб ва илмий-техник кенгашнинг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унда ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши, турли жиҳатлари ва келгуси режалар хусусида сўз борди.
Шундан сўнг “Атомстройэкспорт” АЖ билан тузилган шартнома асосида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, лойиҳанинг асосий босқичлари, тайёргарлик ишлари ва халқаро ҳамкорлик натижалари тақдимот қилинди.

Муҳокама чоғида шартлар ва муддатларга риоя қилишнинг аҳамияти, қурилиш ва монтаж базасини ташкил қилиш, ер майдонларини ажратиш ва ташқи инфратузилмани таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Илмий-техник кенгаш лойиҳага оид муҳандислик тадқиқотларини кўриб чиқди. Бу тадқиқотлар лойиҳа ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши ва объектнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур.
Йиғилиш давомида Жиззах вилояти Фориш туманида кичик қувватли атом электр станциясини жойлаштириш схемаси тасдиқланди. Бу лойиҳанинг мослаштирилиши ва электр энергиясини оптималлаштиришга ёрдам беради.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг табиий уран ресурсларидан фойдаланиш имконияти ҳам муҳокама қилинди. Бу лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва энергетик мустақилликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир.
Йиғилиш якунида барча иштирокчилар лойиҳани муваффақиятли амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА