Йўл инфратузилмасига қаратилаётган эътиборнинг яна бир ифодаси

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, мавжуд йўлларни таъмирлаш ва янги йўналишлар барпо этиш бўйича қатор муҳим қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда. Ушбу ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, хусусан, чекка туман ва қишлоқларда ҳам йўл тармоқлари изчиллик билан янгиланмоқда.
Айниқса, Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикаси инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Қорақалпоғистон ҳудуди географик ва иқлим жиҳатидан мураккаб бўлишига қарамасдан, сўнгги йилларда бу ерда ижтимоий ва иқтисодий инфратузилмани яхшилаш, транспорт йўлларини таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича қатор амалий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.


Ҳудудий лойиҳаларнинг амалий ифодаси сифатида Чимбой туманида олиб борилаётган йўл қурилиш ишлари эътиборга молик. Хусусан, Д234 (4Р176) «Нукус-Чимбой-Тахтакўпир» автомобиль йўлининг 83-84-километр оралиғида асфальт ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Чимбой тумани йуллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан ташкил этилган бу таъмирлаш ишларига 10 махсус техника 17 ишчи жалб этилган.
Таъмирлаш ишлари юқори технологик талаблар асосида олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач, йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти сезиларли даражада ортади, транспорт оқими текисланади, йўловчилар хавфсизлиги таъминланади ва маҳаллий иқтисодий фаоллик учун қулай шароит яратилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги