“Мангу булоқлар” мавзусида конференция

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида қорақалпоқ адабиётининг икки етук вакили, Ўзбекистон Қаҳрамонлари – Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов таваллудининг 96 йиллигига бағишланган “Мангу булоқлар” мавзусида республика илмий-назарий конференцияси уюштирилди. Унда адиблар, ижодкорларнинг оила аъзолари, таниқли олимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистан Даулетова, таниқли шоира ва журналист Гулнара Нурлепесова ва бошқа сўзга чиққанлар қорақалпоқ адабиётининг ёрқин юлдузлари Ибройим Юсупов ва Тўлепберген Қайипбергеновнинг ҳаёти, ижоди, асарларининг ўрганилиши, шунингдек, нафақат қорақалпоқ адабиёти, балки туркий ва жаҳон халқлари адабиётида тутган ўрни, жанр-тематик хусусиятлари ҳақида маълумот берди.

Анжуманда институтда сана муносабати билан ўтказилган бир қатор танловлар ғолиблари тақдирланди.

Тадбир иқтидорли талабалар ижросидаги адабий-бадиий чиқишлар  билан давом этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА