Маҳаллада тарғибот гуруҳларининг вазифалари белгиланди

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев ушбу қарор ижросини самарали ташкил этиш борасидаги идоралараро қўшма қарор асосида вазирлик, идора ва ташкилотларда ҳамда ҳудудларда ташкил этилган тарғибот гуруҳлари аъзолари билан учрашди.

Унда жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш мақсадида тузилган тарғибот гуруҳларига жамиятда ҳурмат ва обрўга сазовор бўлган, нотиқлик лаёқатига эга ёши улуғ шахслар жалб қилингани қайд этилди. Шунингдек, тарғибот ишларида эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар, тарғибот тадбирлари аудиторияси тўғри танлаш, шунга мос тарғиботчиларни қўшимча жалб қилиш, ҳудудлардаги вазиятларни ўрганган ҳолда ҳар бир ҳудуд ва идоралар учун мавзуларни тўғри танлаш каби вазифалар алоҳида таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири