Жарроҳ шифокорлар кўплаб оилаларга умид бағишламоқда

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган «Саломатлик ойлиги» доирасидаги тадбирлар самарали давом этмоқда. Ойлик доирасида мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу ишлардан бири Қорақалпоғистондаги тиббиёт институти клиникасида ҳам ўтказилди.
Ушбу тадбирлар доирасида Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Туғма юрак нуқсонлари бўлими бошлиғи, кардиожарроҳ Умид Муродов бошчилигидаги малакали шифокорлар жамоаси институтга ташриф буюриб, юрагида туғма нуқсони бўлган болаларни кўздан кечирди.

Жами 40 га яқин бола чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар орасидан юрак нуқсони аниқланган болалар танлаб олинди ва бепул жарроҳлик амалиётлари бошлаб юборилди.
Ҳозирги вақтда 10 нафар болага юрак нуқсонларини даволаш учун амалга ошириладиган операциялар режа-жадвали тузилган. Бундай хайр-саховатга асосланган юксак инсоний ташаббуслар, ҳеч шубҳасиз, кўплаб оилаларга умид бағишламоқда.


Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбир нафақат тиббий жиҳатдан, балки жамиятда ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик фазилатларини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
«Саломатлик ойлиги» доирасидаги бундай амалий ишлар эзгулик, меҳр-оқибат ва шифо улашиш йўлидаги муҳим қадамлардир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги