Ёшлар чемпионлар билан учрашди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ёшлар қалбида спортга меҳр уйғотиш, уларда ғалабага интилиш, Ватанга садоқат ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида спортчилар билан учрашув ташкил этилди.
Унда юнон-рим кураши бўйича икки карра Осиё чемпиони, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ж.Бердимуратов, мураббий Р.Ерназаров, шунингдек, қиличбозлик бўйича Жаҳон кубоги бронза медали соҳиби, Осиё кубоги ғолиби Ш.Мамутов иштирок этди.

Тадбирда бугунги кунда спорт нафақат жисмоний бақувватлик, балки ироданинг чиниқиши, Ватанга садоқат ва ўз устида ишлашнинг энг ёрқин ифодаси, спорт фидойилик ва сабр-тоқат мактаби экани ҳақида сўз юритилди. Спортчилар ўз тажрибалари, ютуқлари ва ҳаётий сабоқлари билан ўртоқлашар экан, ҳар бир муваффақият ортида тинимсиз меҳнат, ирода ва Ватанга бўлган чексиз муҳаббат борлигини таъкидладилар.
Бундай учрашувлар ёш авлодни соғлом ҳаёт сари етаклайди, уларни эзгу мақсадларга чорлайди. Спортга бўлган меҳр ва қизиқишни оширади, Ватанга садоқат, иродали ва фидокор бўлишга ундайди. Энг асосийси, улар орзу қилишдан, улуғ марраларни кўзлашдан қўрқмаслик кераклигини яна бир бор исботлайди. Зеро, бугунги спортсеварлар ёшлар эртанги куннинг чемпионлари, эл-юрт фахридир.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.