Янги бинода ижод қилиш янада завқли

Жаҳон матбуоти эркинлиги куни арафасида Нукус шаҳрида “Nókis FM” радиоси ва “Жаслар ТВ” телеканалининг янги биноси очилди.

Очилиш тадбирида сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътиборни алоҳида таъкидлаб, ижодий жамоани янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан миллий журналистикамизни ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини эркинлаштириш, хусусан нодавлат телерадиоканалларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, ушбу йўналишда хизмат қилаётган ижодий ва техник ходимларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2009 йил 5 сентябрда Оролбўйида биринчи хусусий “Nókis FM” радиоканали Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, марҳум Бахитбек Елманов ташаббуси билан ишга туширилиб, тингловчилар томонидан яхши кутиб олинди. Радиоэшиттиришлар дастлаб атиги 40 км диапазонга етказилган. Лекин шунга қарамасдан эфир 24 соат давом этган. Вақт ўтиб, 70 км диапазонда Мўйноқ 109, Қўнғирот 101,5 тўлқинларида ишга тушди. 2019 йилдан бошлаб эса радио Қўнғирот 101,5, Мўйноқ тумани 101,9, 2023 йилнинг 13 мартидан Беруний тумани 98,6, 13-апрелдан Тахтакўпир туманида 92,3 тўлқинида ўз эшиттиришларини узатишни бошлади. Қайд этиш лозим, энг аввало, радио бошловчилари “Водий садоси”, “Гранд” радиоканалларида тажриба ошириб қайтди.

2018 йил 21 январда Бахитбек Елманов томонидан “Nókis FМ” радиоси қошида “Жаслар ТВ” телеканали очилди. Бугунги кунда радиода қорақалпоқ тилида “Старт ФМ”, “Мусиқа топ”, “Сўз сандиғи”, “Супермаркет”, “Бир ҳарф олти сўз”, “Оқшом балладаси» каби кўнгилочар ва мусиқий эшиттиришлар, “Қорақалпоғистон онлайн” ахборот дастури, ўзбек тилида “Эверест” ва рус тилида “ФМ привети” эшиттириши мунтазам йўлга қўйилган. Бу йил “Nókis FM” радиоси ташкил этилганига 16  йил бўлди.

“Nókis FM” радиоси ва “Жаслар ТВ” телеканали энг аввал “Life Nukus FM” лойиҳасини, “Жаслар ТВ» телеканали орқали “Мусиқий оқшом” дастурини тўғридан-тўғри эфирга олиб чиқишга муваффақ бўлди.

“Жаслар ТВ» телеканалида йилдан-йилга ўз кўрсатувлари сонини кўпайтириб, аҳолига маънавий озиқ бериб келаётган, уларни эзгуликка ундайдиган видеоматериаллар тайёрлаб келмоқда. Томошабинлар таклифига кўра, 2023 йилда Беруний ва Тахтакўпир туманлари аҳолиси учун ҳам телеканални кўриш имконияти яратилди. Айни пайтда телеканалда “Қорақалпоғистон онлайн” ахборот дастури, “Дастурхон”, “Ош бўлсин”, “Шифокор”, “Ёшлар Life”, “Менинг маҳаллам”, “Юлдузлар ҳақида”, “Салом ёшлар”, “Менинг тенгдошим”, “Муқаддас аёл”, “Юлдузча” кўрсатувлари ва “Жонли студия” тўғридан-тўғри берилиб, халқимиз қалбидан чуқур жой олиб келмоқда

Ижодий гуруҳ аъзолари 2018 йилда Deutsche Welle академияси ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети томонидан оммавий ахборот воситаларининг маркетолог, продюсер ва журналистларига “Медиа менежмент асослари”, 2023 йилда Хитой Халқ Республикасида, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган “Интервью тур”, 2019 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтган Ўрта Осиё журналистлари форумида муваффақиятли иштирок этди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан нодавлат телерадиоканаллар вакиллари иштирокида ўтказилган “Озод юрт тўлқинлари” медиа-фестивалида “Нукус ФМ” радиоси “Энг намунали радиостанция» номинациясида биринчи ўринни эгаллаган бўлса,  “UZBEKISTAN MEDIA AWARD – 2021” ижтимоий медиа маҳсулотлар танловида “Жаслар ТВ” телеканалининг “Энг яхши кун” кўрсатуви “Йилнинг энг креатив кўрсатуви” номинацияси ғолиби бўлди.

2016 йилда радио бошловчи Улбоған Еримбетова “Олтин қалам” миллий мукофотини қўлга киритди. Шунингдек, 2023 йилда телерадиоканал муҳаррири Илҳом Атамуратов “Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмасининг 20 йиллиги” эсдалик нишони,  журналист Мухтор Умбетов “UZBEKISTAN MEDIA AWARD – 2021” ижтимоий медиа маҳсулотлар танловида “Энг фаол радио-журналист” номинацияси, 2022 йили радио-бошловчи Ислом Сатуллаев “Ватан фидойиси” кўкрак нишони, 2023 йили радио-бошловчи Фарид Оринбаев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Фахрий ёрлиғи, 2024 йилда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида “Жаслар ТВ” телеканали ва “Нукус ФМ” радиоси директори Минайим Палўанова “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

–  Ўтган йили Хитой давлатига бориб келганимиздан сўнг чала битган бинони капитал таъмирлаш ва телестудияни замонавий ускуналар билан таъминлаш учун “Ҳамкорбанк”дан 300 миллион сўм кредит олиб, қурилиш ишларини олиб бордик. Бизларга яратиб берган бундай қулай имконият учун Президентимизга миннатдорлик билдираман, – дейди “Жаслар ТВ” телеканали ва “Нукус ФМ” радиоси директори Минайим Палўанова.

Тадбир иштирокчилари янги бинода ижодий жамоа учун яратилган шароитлар билан танишди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.