Ўзбекистон ва Хитой илмий-технологик ҳамкорлик бўйича янги келишувлар имзолади

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги делегацияси Хитой Халқ Республикаси Шинжон-Уйғур автоном районига ташрифи давомида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, истиқболли йўналишларда сармоявий лойиҳалар амалга ошириш мақсадида қатор учрашувлар ўтказди.
Хусусан, “Тянфен” қишлоқ хўжалиги илмий-техникавий компанияси билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашувчи лаборатория маркази очишга келишилиб, тегишли битим имзоланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Савдо ва ривожланиш бўйича комиссияси (UNCTAD) эксперти ҳамда “Space Techtronic Industries Services (Shenzhen) Co., Ltd.” вакиллари билан Хитойдан Ўзбекистонга илғор технологиялар олиб кириш жараёнларини мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этилиши юзасидан келишувга эришилди.
Бундан ташқари “Xinjiang Beixin Road & Bridge Group Co.Ltd.” компанияси билан академик алмашинув дастурларини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Тянцзин қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорликда аграр илмий тадқиқот маркази ташкил этиш, “Янги Ўзбек-Хитой ландшафт дизайни” концепциясини ишлаб чиқиш бўйича музокара олиб борилди. Чаньан университети билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва талабалар алмашинуви дастурлари доирасида тўртта бакалавриат йўналишнинг ҳар бири бўйича 30 нафаргача талаба қабул қилиш режалаштирилган.
Шунингдек,Тошкент кимё-технология институти ва Сиань нефть университети ўртасида қўшма илмий лаборатория ташкил этилади.

Пекин технология институти томонидан Тошкент шаҳрида хорижий филиал очиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Янги кампус таркибида беш асосий факультет – компьютер фанлари, машинасозлик ва автомобилсозлик, “яшил” энергетика, йирик ҳажмли маълумотлар, сунъий интеллект ва кибер хавфсизлик йўналишлари фаолият юритиши кўзда тутилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, олий таълим тизимлари шериклиги кўламини янада кенгайтиришга қаратилган ушбу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, фан, технология, таълим соҳаларини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратди.
М.Сайфуллаев, ЎзА