Тўрткўл туманида янги мактаб қурилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 404-сонли қарорига мувофиқ қабул қилинган «2024–2026 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги дастур доирасида мамлакатимизда кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу қарорга асосан Тўрткўл туманидаги «Шодлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги мактаб биноси ва спорт зали барпо этилди. 792 ўринга мўлжалланган ушбу таълим маскани қурилиши учун давлат бюджетидан 18,2 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Бугунги кунда замонавий талабларга жавоб берадиган мактаб қурилиши тўлиқ якунланиб, объектни фойдаланишга топшириш ишлари якуний босқичда турибди. Янги мактаб биноси нафақат ўқувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиши, балки жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида тумандаги таълим инфратузилмаси янада мустаҳкамланади, ўқувчи ва ўқитувчилар учун замонавий таълим муҳити шакллантирилади. Шу билан бирга, янги иш ўринлари яратилиб, маҳаллий аҳоли бандлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги