Кичик тадбиркорлик субъектлари ялпи ҳудудий ички маҳсулотнинг 59,5 фоизини ишлаб чиқарди

274

Мамлакатимизда кичик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган сиёсат натижасида уларнинг иқтисодиётимиздаги ўрни сезиларли даражада ўсди.

2025 йилнинг январь-март ҳолатига кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан ялпи ҳудудий ички маҳсулотнинг 59,5 фоизи ишлаб чиқарилди. Кичик тадбиркорлик субъектларининг халқ хўжалигининг етакчи тармоқларидаги улуши ҳам салмоқли бўлди.

– Ўзбекистон Республикасининг «Расмий статистика тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, статистика органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро маълумот алмашишда ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий усулларини жорий этиш механизмини такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига автоматлаштирилган тизим асосида уларнинг асосий иқтисодий фаолият тури ва корхона тури бўйича ўз вақтида хабар беришни ташкил этиш мақсадида бир қанча ишлар олиб борилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Статистика бошқармаси Ишбилармонлик муҳити кузатувлари, тадбиркорликни ривожлантириш статистикаси бўлими бошлиғи Рустамбай Шарибаев.

Тадбиркорлик субъектларининг асосий иқтисодий фаолият тури ва корхона турини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Статистика агентлигининг «Тадбиркорлик субъектларининг асосий иқтисодий фаолият тури ва йиллик ўртача ходимлар сони тўғрисидаги маълумотларни янгилаш регламенти» талаблари бўйича тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган статистик ҳисобот шакли маълумотлари асосида, Estat4 автоматлаштирилган маълумотлар тизими орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги томонидан тайёрланган статистик маълумотлар расмий статистик маълумот сифатида эълон қилинади.

Кичик тадбиркорлик субъектлари маҳсулоти саноат маҳсулотининг 38,2, бажарилган қурилиш ишларининг умумий ҳажмининг 91,0, асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 45,8, жами хизматлар соҳасининг 72,0, автомобиль транспортида юк ташишнинг умумий ҳажмининг 91,4, автомобиль транспорти юк айланмасининг 90,6, автомобиль транспортида йўловчи ташиш хизматларининг умумий ҳажмининг 93,2, автомобиль транспортида йўловчи айланмасининг 98,3, чакана савдо айланмасининг умумий ҳажмининг 97,0, умумий экспорт ҳажмининг 24,6, умумий импорт ҳажмининг 73,3, қишлоқ хўжалигининг 94,9 фоизини ташкил этди.

2025 йилнинг 1 апрель ҳолатига фаолият кўрсатаётган кичик корхона ва микрофирмалар сони 17 минг 876 тага етди.

2025 йилнинг январь-март ойларида 773 та янги кичик корхона ва микрофирмалар (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) ташкил этилди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги