Нукусда йўл талашган ҳайдовчилар 7 суткага қамалди
Нукус шаҳридаги тўй маросимлари пайтида автомашиналарнинг гуруҳ бўлиб ҳаракатланиши сўнгги вақтларда кўплаб норозиликларга ва жамоат тартиби бузилишларига сабаб бўлмоқда. Қонунчиликда бундай ҳолатларга аниқ чек қўйилган бўлса-да, бу ҳолатлар афсуски, ҳали-ҳануз такрорланмоқда.
Яқинда Нукус шаҳридаги тўйлардан бирида ҳам шундай ҳолат кузатилди. Маълумотларга кўра, сайл вақтида икки автомашина ҳайдовчиси йўл талашган ва натижада жамоат тартиби бузилишига олиб келган воқеа содир бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қоидабузар ҳайдовчилар ва ушбу ҳолатда иштирок этган шахслар аниқланиб, уларга нисбатан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилди. Тегишли ҳужжатлар судга юборилди ва суд муҳокамаси натижасига кўра, ҳар икки ҳайдовчига 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Мазкур ҳолат барча ҳайдовчилар ва жамоат иштирокчилари учун огоҳлик намунаси бўлиши лозим. Ҳар қандай байрам ёки маросим ҳуқуқбузарликка сабаб бўлмаслиги, тартиб ва қонун-қоидаларга риоя қилиш барчамизнинг бурчимиз экани яна бир бор таъкидланди.
Қонун устуворлиги — жамият тартиби ва хавфсизлигининг кафолатидир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги