Савицкий музейидаги «Буқа» сурати 800 млн долларга баҳоланганми?

76

Бугунги кунда И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи нафақат Ўзбекистон, балки дунё миқёсида ҳам машҳур маданий масканлардан бири ҳисобланади. Музейда 100 мингдан ортиқ ноёб экспонатлар, хусусан, ХХ аср аввалидаги рус авангарди, амалий ва тасвирий санъат намуналари сақланмоқда. Ушбу экспонатлар орасида Василий Лисенко муаллифлигидаги «Буқа» номи билан машҳур картина ҳам бор.

Сўнгги вақтларда жамоатчилик ўртасида мазкур картина жуда катта баҳога — 800 миллион долларга тенг деб баҳолангани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Ушбу маълумотлар ижтимоий тармоқлар ва баъзи оммавий ахборот воситаларида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Аммо бу ҳақиқатга қай даражада яқин?

Бу саволга жавоб бериш мақсадида И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи ахборот хизмати бошлиғи Гулшира Генжебекова қуйидагича изоҳ берди:

«Музейдаги барча экспонатлар баҳоланмайди ва сотилмайди. Бунинг асосий сабаби — улар ноёб маданий мерос сифатида халқнинг мулки, миллий бойлиги ҳисобланишидир. Ҳар қандай асарнинг моддий эмас, маънавий қадри устун туради».

Демак, «Буқа» сурати ёки музейдаги бошқа асарлар қанча туриши ҳақидаги баҳолар асосли манбаларга таянмаган. Музей сиёсатига кўра, экспонатлар савдога чиқарилмайди ва уларнинг нархини белгилаш масаласи кўндаланг қўйилмайди.

Шу билан бирга, мазкур асарларга бўлган халқаро қизиқиш ва талаб юқори эканлиги ҳақиқат. Айниқса, «Буқа» картинаси ўзининг экспрессив услуби ва тарихий қиммати билан санъатшунослар ва коллекторлар эътиборини тортмоқда. Аммо музейнинг асосий мақсади — ушбу ноёб асарларни сақлаш, тадқиқ этиш ва келажак авлодларга етказишдир.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси