«Талабалар баҳори» фестивали ғолиблари Тахтакўпирда муносиб тақдирланди

101

Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидори ва салоҳиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ана шундай эзгу мақсад йўлида ташкил этилаётган тадбирлардан бири — «Талабалар баҳори» фестивали бу йил ҳам юксак даражада ўтказилди.

Бир неча кун давом этган мазкур фестиваль барча олий таълим муассасаларида уюшқоқлик ва ижодий муҳитда ўтди. Талаба-ёшлар адабиёт, театр, китобхонлик, спорт ва бошқа йўналишларда ўз қобилиятларини намоён этишди. Фестиваль жараёнида таълим, истеъдод ва ташаббускорлик борасида алоҳида ажралиб чиққан ёшлар саралаб олинди.

Фестивальда ғолибликни қўлга киритган ёшлар Қорақалпоғистон Республикасининг тарихий ва табиий гўзал манзараларидан бири — Тахтакўпир туманидаги Каратереӊ туристлик марказига таклиф этилди. Бу ерда улар учун тантанали тақдирлаш маросими ва яккунловчи гала концерт уюштирилди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов очиб берди. У ўз нутқида барча иштирокчиларни самимий табриклаб, ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Табиат бағрида ўтган мазкур тадбирда ғолибларга дипломлар, эсдалик совғалари ва қимматли мукофотлар топширилди.

«Талабалар баҳори» фестивали ҳам ёшларнинг ижодий қобилиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва Ватанга бўлган муҳаббатини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилмоқда. Фестиваль орқали кўплаб ёшлар ўзининг ёрқин иқтидорини намоён этиб, келажакдаги муваффақиятлари учун илк қадамларини ташламоқда.

Тахтакўпир заминида ўтган ушбу ёрқин тадбир иштирокчилар хотирасида унутилмас таассуротлар қолдирди.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси

Муаллифнинг туширган расмлари