ЕИ АҚШдан қурол сотиб олишни қисқартиради

193

Европа Иттифоқи давлатлари Президент Дональд Трамп маъмурияти ҳаракатига жавобан, Америка қурол-яроғи харидини қисқартириш ва АҚШга нисбатан кескин иқтисодий чеклов жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Politico” нашри расмийларга таяниб хабар берган.

– Кўриб чиқилаётган таклифлар мудофаа ва иқтисодиёт тизими билан боғлиқ алоқаларни узиш даражасидаги жиддий чеклов, ҳарбий техника ва ўқ-дори етказиб берувчи муқобил ҳамкорлар топиш, қатъий жавоб тарифлари киритиш, АҚШнинг компаниялари учун интеллектуал мулк ҳимоясини бекор қилиш ва технология гигантларига қарамликни камайтириш каби чора-тадбирларни назарда тутади, – деб ёзган нашр.

Кўплаб давлатлар Вашингтон мудофаа технологиясидан Украинага босим дастаги сифатида фойдаланишидан хавотир билдириб, АҚШнинг мудофаа харажатини ошириш талабини қондириш осон эмаслигини ҳам англаб етган. Натижада қудратли давлатга тобеликни камайтириш, мавжуд тизимни ривожлантириш лозим, деган хулосага келишди.

Польша ҳукумати Украина бўйича маслаҳатчиси Павел Ковал “АҚШга нисбатан ишонч емирилаётгани”ни айтиб, эҳтимол мамлакат Америка ҳарбий техникасига энди йирик буюртма бермаслигини қўшимча қилган.

Манбаларга кўра, Америка божи жорий этилгандан сўнг Европа Комиссияси АҚШга нисбатан ўзига хос усулдан фойдаланиш масаласини ҳам кўтарган. ЕИнинг “энг кучли” иқтисодий қуроли сифатида таърифланадиган мазкур восита иқтисодий “мажбурлаш”га қарши курашнинг фаол чора-тадбирлари мажмуидир. Яъни, биринчи босқичда музокара ўтказилади, кейин тўлов оширилади. Сўнгра давлат хариди тизимидан четлаштириш ва интеллектуал мулк ҳуқуқи ҳимоясини чеклаш кўзда тутилади.

С.Раҳимов, ЎзА