«Талабалар баҳори» фестивали ҚДУда кўтаринки руҳда ўтказилди

98

Бугунги кунда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларни замонавий билимлар ва инновацион ғоялар билан қуроллантириш таълим муассасаларининг устувор вазифаларидан бирига айланган. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ана шундай мақсадда ўтказилаётган «Талабалар баҳори» фестивали доирасида қатор илмий-маърифий ва ижодий тадбирлар ташкил этилди.

Ушбу тадбирларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 7 майдаги ПҚ-3698-сонли «Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев томонидан 2025 йил 25 январда тасдиқланган Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетини ривожлантириш бўйича Йўл харитасида белгиланган мақсад ва вазифалар амалий ифодада ўз аксини топди.

Фестивал доирасида ўтказилган «Энг яхши ихтирочи» танловининг университет босқичи талабаларнинг инновацион ғоялари, ихтирочилик қобилияти ва амалий фикрлаш маҳоратини намоён этди. Танловда талабалар ўзларининг илмий-амалий лойиҳалари, янгиликка интилиши ва тадқиқотчилик қобилияти билан ажралиб турди. Бу тадбир талабаларни фан ва технология соҳаларига кенг жалб этиш, уларнинг янгича ёндашувлари ва креатив ғояларини қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлди.

Ахборот ресурс марказида ташкил этилган «Китобхон талаба» танлови эса ёшларнинг маънавий-ахлоқий дунёқарашини бойитиш, китобга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилди. Танлов иштирокчилари томонидан ўқилган асарлар бўйича фикр-мулоҳазалар, таҳлилий чиқишлар ва очиқ мулоқотлар ўтказилиб, китобхонлик маданиятини янада мустаҳкамлашга замин яратилди. Замонавий ва мумтоз адабиётлар бўйича олиб борилган баҳс-мунозаралар талабаларнинг мустақил фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятини янада ривожлантирди.

Фестивал доирасида ташкил этилган мунозара-дебат интеллектуал ўйини талабаларга нафақат ўз билим ва мантиқий фикрлаш қобилиятини синовдан ўтказиш, балки жамоавий ишлаш ва нотиқлик маҳоратларини ривожлантириш имконини яратди. Факультетлардан танлаб олинган иқтидорли талабалар ижтимоий мавзуларда баҳслашар экан, улар мураккаб масалаларга индивидуал ва жамоавий ёндашувларни илгари сурдилар. Ҳар бир жамоа ўз позициясини далиллар билан мустаҳкамлаб, рақиб томон фикрларига мантиқий ечимлар билан жавоб қайтариб, баҳс жараёнини мазмунли тарзда олиб борди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ўтказилган мазкур тадбирлар «Талабалар баҳори» фестивалининг яна бир ёрқин саҳифаси сифатида талабаларнинг ижодий, илмий, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини намоён этишда муҳим аҳамият касб этди. Бундай ташаббуслар ёш авлодни фаол, билимли, мустақил фикрлай оладиган, инновацияларга мойил ва юрт равнақига ҳисса қўша оладиган шахс сифатида тарбиялашда қўл келади.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси