Инвестиция компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрни қандай?
Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқаро бизнес учун янги имкониятлар яратилиб, инвестициявий муҳит сезиларли даражада яхшиланди.
Иқтисодиётни либераллаштириш, солиқларни камайтириш ҳамда валюта конвертациясини соддалаштиришга қаратилган комплекс ислоҳотлар инвестиция оқимининг ошишига олиб келди. Инвесторларга кенг имтиёзларни тақдим этаётган эркин иқтисодиёт зоналарининг ташкил этилиши ҳамда халқаро молия институтлари билан фаол ҳамкорлик бу ижобий ўзгаришларнинг муҳим омили бўлди.
Олиб борилаётган иқтисодий сиёсат бизнес ва хорижий инвесторлар учун қулай муҳит яратишга қаратилган. Мамлакатимизда солиқ ставкалари изчил пасайтирилиб, хорижий компанияларнинг кредит олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда, сармоядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг жозибадор бозорлардан бирига айланмоқда.
Республикамизнинг стратегик жиҳатдан қулай жойлашуви унинг муҳим афзал жиҳатларидандир. Мамлакатимиз аҳолиси 37,5 миллион кишини ташкил этади, қўшни давлатлар эса 300 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга бозорни шакллантиради. Бу маҳаллий ишлаб чиқариш ва товарларни минтақага экспорт қилиш учун катта истиқболларни очади. Ўзбекистон нафақат хорижий капитални жалб қилиш, балки илғор технологиялар ва ноу-хауни интеграция қилишни ҳам мақсад қилган. Бунинг натижасида иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини модернизация қилишга эришилади.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, фаол инвестициявий сиёсат олиб бораётган мамлакатлар барқарор иқтисодий ўсишга эришмоқда. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши ва замонавий технологияларнинг жорий этилиши саноатни ривожлантиришга туртки бўлиб, янги иш ўринларини яратишга ёрдам беради ва аҳоли турмуш даражасини яхшилайди. Ўзбекистон бу ёндашувни амалиётда самарали қўлламоқда. Буни мамлакатимизда ўтказилаётган энг йирик инвестиция тадбирларининг натижалари ҳам кўрсатиб турибди. Масалан, III Тошкент халқаро инвестиция форумида 26,6 миллиард долларлик шартномалар имзоланди. 2023 йилда бу кўрсаткич 11 миллиард, 2022 йилда эса 7,8 миллиард долларни ташкил этган. Инвестициялар ҳажмининг жадал ўсиши халқаро бизнес вакилларининг мамлакатимизга бўлган ишончи ортаётганидан далолат беради.
Муваффақиятли инвестиция ташаббусларига мисол тариқасида Озарбайжон — Ўзбекистон инвестиция компаниясини келтириш мумкин. Икки мамлакат Президентлари қарорига асосан ташкил этилган, устав капитали 500 миллион долларга тенг бўлган ушбу компания ҳар икки мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қиладиган хусусий бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Компания янги ва мавжуд лойиҳаларга 1 миллиондан 25 миллион долларгача сармоя киритади. Озарбайжон — Ўзбекистон инвестиция компанияси лойиҳа фаолиятига аралашмаган ҳолда стратегик қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этадиган молиявий сармоядор сифатида фаолият кўрсатади. Компания ишлаб чиқариш, логистика, туризм, қишлоқ хўжалиги, инновациялар ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига сармоя киритади. Қолаверса, у бошқа анъанавий молия институтларидан фарқли ўлароқ, маблағ ажратибгина қолмай, инсонларнинг бизнес-режалари, ғоялари, мақсад ва интилишлари ортида мамлакат ва минтақа учун муҳим лойиҳаларни яратиш мумкинлигини кўра оладиган ҳамкор сифатида иштирок этади. Бундай ёндашув компанияни иқтисодий ўсиш ва таркибий ўзгаришларнинг муҳим омилига айлантиради. Бундан ташқари, Ўзбекистон асосий макроиқтисодий кўрсаткичларини мустаҳкамлашда давом этяпти. Бунда қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш ЯИМнинг етакчи тармоқлари бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, Озарбайжон — Ўзбекистон инвестиция компанияси бир пайтнинг ўзида бир нечта тармоқларга урғу бериб, барқарор иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам пойдевор яратишда муҳим ўрин тутмоқда.
— Бугун Ўзбекистон сармоядорларни жалб этувчи марказ сифатидаги ўрнини мустаҳкамламоқда. Биз мамлакатингизда жадал ижобий ўзгаришлар, бизнес ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Олиб борилган ислоҳотлар иқтисодиётни халқаро капитал учун янада қулай, мослашувчан ва очиқ қилди. Компаниямиз учун инвестициялар фақатгина маблағ киритиш эмас, айни дамда ривожланиш учун стратегик ҳамкорлик ва узоқ муддатли ҳисса ҳамдир. Бизни нафақат рақамлар, балки улкан ғояларни илгари сурадиган ва янги трендларни яратишга қодир тадбиркорлар қизиқтиради. Ўзбекистон — имкониятлар мамлакати ва биз кенг кўламли ўзгаришларга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан фахрланамиз, — дейди Озарбайжон — Ўзбекистон инвестиция компанияси бош директори Нозим Гаджиев.
Мамлакатимизда Озарбайжон — Ўзбекистон инвестиция компаниясидан ташқари, иқтисодиётнинг турли тармоқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа инвестиция тузилмалари ҳам фаолият юритади. Бу иқтисодиётнинг анъанавий тармоқларини ривожлантиришга туртки бериши билан бирга, тадбиркорларга IT, молиявий технологиялар, электрон тижорат ва илғор рақамли ишланмалар каби йўналишларда янги ғоялар устида ишлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва халқаро бозорларга чиқиш учун имконият яратади.
Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси мамлакатимизда фаолият юритаётган ана шундай инвестициявий тузилмалардан биридир. Жамғарма узоқ муддатли инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириб, транспорт-ўтиш боғламалар қурилиши, энергетика тизимининг модернизация қилиниши, саноатнинг стратегик тармоқлари ривожланишини қўллаб-қувватлайди.
Ҳозирги глобаллашув даврида республикамиз жаҳон иқтисодий жараёнларига изчил интеграциялашиб, минтақада тобора муҳим роль ўйнамоқда. Географик жойлашув, бой табиий ресурслар ва инвестицияларга йўналганлик Ўзбекистонни кўплаб халқаро давлатлар учун жозибадор майдонга айлантирмоқда. “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунда шаффофлик, тенглик ва сармоядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойиллари мустаҳкамланган. Бу бизнес юритиш шартларининг барқарорлиги ва қонунийлигини таъминлайди.
Давлат сиёсати инвестициявий муҳитни янада яхшилашга қаратилган. Бунда инновацион ишлаб чиқаришларни жалб қилиш, инфратузилмани модернизация қилиш, халқаро молиявий ташкилотлар билан ҳамклорикни мустаҳкамлаш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш энг муҳим йўналишлардандир. Узоқ муддатли истиқболда бу миллий иқтисодиётмизнинг барқарор ўсиши учун мустаҳкам замин яратади.
Азиза Алимова, ЎзА.