Спортчилар ва уларнинг мураббийлари тақдирланди

168

Нукусда халқаро майдонларда юксак натижаларни қўлга киритган қорақалпоғистонлик бир гуруҳ спортчилар ва уларнинг мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўнгги йилларда юртимизда спортга қаратилаётган алоҳида эътиборга тўхталиб, спортчиларни, уларнинг мураббийлари ҳамда ота-оналарини қўлга киритган катта ютуқлари билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда спортга қаратилаётган юксак эътибор натижасида ёшларимиз Осиё ва жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтармоқда. Бу албатта, барча жойларда, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам замонавий спорт иншоотларининг қурилиши ва уларнинг моддий-техник базалари мустаҳкамланиши, спортчиларимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани каби эзгу ишларнинг самараси ҳисобланади.

Жорий йил бошидан буён қорақалпоғистонлик спортчилар мамлакатимиз, жаҳон, Осиё, халқаро миқёсдаги мусобақаларда жами 537 та, шундан 184 олтин, 162 кумуш, 191 бронза медални қўлга киритишга муваффақ бўлди. Айниқса, Саудия Арабистонида бўлиб ўтган футбол бўйича “U17” ёш тоифасидаги Осиё кубогида футболчиларимиз бутун турнир давомида биронта ҳам мағлубиятга учрамасдан, барча учрашувларни ғалаба билан якунлаб, рекорд натижа кўрсатгани чинакам жасорат ва матонат намунаси бўлди. Терма жамоа таркибида қорақалпоғистонлик Нурбек Сарсенбаев,  Азизбек Еримбетов ҳамда Бахадир  Избасканов ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг апрель ойида Бразилияда бокс бўйича “World Boxing” ташкилоти томонидан ўтказилган жаҳон кубогида -60 кг вазнда Мадиёр Данияровнинг бронза медалига сазовор бўлиши, қолаверса, Хитойнинг Уси шаҳрида қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ислом Абдазов, Муса Аймуратов, Аякўз Жумамуратова ҳамда Гулистан Пердебаеванинг бронза медалларини қўлга киритгани ҳар биримизнинг фахрланадиган воқеалар сирасига киради. Мамлакатимиз терма жамоаси таркибида Осиё ва жаҳон чемпионатида иштирок этиш ва унда ғолиб бўлиши, ҳар бир спортчи учун катта бахт ҳисобланади.

Тадбирда спортчиларга ва уларнинг мураббийларига Қорақалпоғистон Республикаси фахрий унвонлари, кўкрак нишонлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири