16–19 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва Мўйноқ туманида «Орол туризми» ҳафталиги ўтказилди.

Ҳафталик доирасида «Оролбўйи эзгу ният элчилари» халқаро илмий-амалий конференция, «Орол рассомлар нигоҳида» ижодий кўргазмаси ва пленери бўлиб ўтди. Кўргазмада ёш ҳаваскор ва профессионал рассомларнинг Орол ҳақидаги расмлари намойиши, шунингдек, 18 апрелда Мўйноқда 2 км масофага югуриш бўйича «Aral Sea Eco Race» эко-марафони ўтказилди. Иштирокчилар дастлаб дарахт экиладиган майдончагача 1 км масофани босиб ўтди, майдончада дарахт экди ва яна маррага қайтди. Ҳар бир иштирокчининг ўз рақамига чип бириктирилган бўлиб, у дарахт экиш фактини қайд этди. Финиш чизиғида ҳар бир иштирокчи табиатни тиклаш лойиҳасидаги иштироки учун рамзий дарахт кўринишидаги медаль билан тақдирланди.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари «Орол балиқларидан 99 турдаги таомлар» гастрономик фестивали ҳамда тарихий обидаларга унутилмас саёҳат қилишди.

Шу билан бирга, тадбир иштирокчилари учун Хўжайли туманида жойлашган қадимий Миздахкон комплекси, “Қорақалпоқ этно аул” туризм маркази, Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейига экскурция уюштирилди.

Зиёвуддин Нуриддинов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА