Ўзбекистон UNESCO конференциясида БАА билан ҳамкорликка эътибор қаратади

253

“WAM” ахборот агентлиги саҳифасида мамлакатимизнинг Бирлашган Араб Амирликларидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдулазиз Аққуловнинг интервьюси эълон қилинди. Мақолада дипломатимиз сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар жадал ривожланаётгани ҳақида мулоҳаза юритган. Шунингдек, халқаро тузилмалар доирасида, хусусан Самарқандда ўтадиган UNESCO Бош конференцияси 43-сессиясини ташкил этиш чоғида яқиндан ҳамкорлик қилишга ўзаро интилиш кучлилигини таъкидлаган.

Элчи Анвар Гаргаш номли Дипломатик академияда бўлиб ўтган мулоқот чоғида янграган баёноти Ўзбекистоннинг UNESCO ташаббусларидаги фаоллиги, барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суришда БАА билан биргаликда амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатларга ҳам тўхталган.

– БАА билан турли соҳалар бўйича жадал, бир-бирини бойитиб борувчи ҳамкорлик хусусияти маданий меросни асраб-авайлаш, ўзаро мулоқотни рағбатлантиришга содиқлиги билан ажралиб туради, – дейди А.Аққулов. – Ўзбекистон ҳар йили Абу-Дабидаги Шайх Зайд фестивалида миллий павильон билан иштирок этиб, халқимизнинг бой анъаналари ва ҳунармандлигини жаҳон томошабинларига намойиш этаётганидан мамнун.

Давлатларимиз бир-бирининг маданий ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаб, тажриба алмашиш учун қулай платформалар яратмоқда. Ҳар икки мамлакатдаги етакчи музейлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиб, қўшма кўргазмалар, касбий алмашинув дастурлари ташкил этилмоқда. Қадимий шаҳар – Самарқанд UNESCO Бош конференцияси 43-сессиясига мезбонлик қилиши маданий ютуқларимиз, бой цивилизация ва илмий меросимизни яна бир бор жаҳон аҳлига намойиш этиш имкониятидир.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА