Чемпионларга — юксак эътироф

55

Юртимизда ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, спортга қизиқишини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон спортчилари халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.

Шу кунларда футбол, бокс ва қиличбозлик каби спорт турларида жаҳон ва Осиё чемпионатларида муносиб иштирок этган ва фахрли ўринларни эгаллаган спортчилар ҳамда уларнинг мураббийлари учун тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев ғолибларимизни самимий табриклар экан, уларнинг бу муваффақиятлари ёш авлодга илҳом бағишлашини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизда спорт инфратузилмасига қаратилган эътибор, замонавий спорт мажмуалари қурилаётгани, болалар спорт мактабларининг сони ва сифати ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Президентимизнинг ташаббуслари билан ҳар бир ҳудудда иқтидорли ёш спортчилар учун барча шарт-шароитлар яратилаётгани, юртимизда спорт — миллий ғурур ва тараққиёт тимсолига айлангани қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, Саудия Арабистонида бўлиб ўтган 17 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Осиё Кубогида Ўзбекистон терма жамоаси катта ютуққа эришди. Бу ғалабада Қорақалпоғистонлик футболчилар — Нурбек Сарсенбаев, Азизбек Эримбетов ва Баҳодир Избосканов ҳам муносиб иштирок этишди.

Тадбир доирасида 9-рақамда ҳаракат қилган ёш иқтидор эгаси, юртдошимиз Нурбек Сарсенбаев билан ўтказилган қисқача интервьюда:

«Менга ҳакам томонидан қизил карточка кўрсатилганда мен у ерда ҳеч қандай қоида бузмаган едим. Бунга ҳисларим дош беролмади, йиғлаб юбордим. 1-тайм якунидан кейин терма жамоамиз 2 та қизил карточка олган бўлса ҳам, мураббийимиз бизга руҳан куч берди. «Ўйнанг, борингизни беринг!» — деб далда берди. Бу менинг футбол тарихимдаги биринчи қизил карточкам», — деб қувонч ва ғам аралаш ҳисларини баён қилди Сарсенбаев.

Тақдирлаш маросимида спортчиларимиз «Умид учқуни» кўкрак нишони, Фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Бу каби эътибор уларнинг фидокорона меҳнати ва юртга бўлган муҳаббатига берилган муносиб баҳодир.

Кечанинг гўзал дамлари эса асосий меҳмон — DJ RIKIнинг «DJ ШОУ» дастури билан янада чароғонлашди. Унинг энергияга тўла чиқишлари иштирокчиларни ҳақиқий байрам кайфиятига чорлади. Шунингдек, Қорақалпоқ эстрада юлдузларининг концерт дастури ҳам тантанали кечани янада мазмунли ва ёрқин эта олди.

Бу каби тадбирлар ёшларимизни спортга жалб этиш, юрт номини жаҳон ареналарида юксалтириш йўлида янада илҳомлантириши шубҳасиз. Спортчиларимизнинг ғалабалари эса бутун халқимизнинг фахридир!

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси

Муаллифнинг туширган расмлари