Суд амалиётидаги муаммолар ва уларнинг ечими муҳокама қилинди

349

Қорақалпоғистон Республикаси суди ташаббуси билан Ўзбекистон Савдо-саноат Палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида «Тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари: суд амалиётидаги муаммолар ва уларнинг ечими» мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди.

Тадбирга судьялар, Давлат солиқ бошқармаси, прокуратура, давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, суд бошқарувчилари иштирок этишди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Ктайбеков  ўқув-семинарини ўтказишнинг мақсади ва вазифалари  тўғрисида айтиб, тўловга қобилиятсизлик (банкротлик) мураккаб ва кўп жиҳатли ҳуқуқий жараён бўлиб, уни тўғри юритиш масъул соҳа вакилларидан  чуқур билим, таҳлил қилиш қобилияти ва амалий тажриба талаб этишини таъкидлади. Чунки, суд амалиётида банкротлик ишларининг сони ортиб бориши, айниқса кичик ва ўрта бизнес соҳаларида, ушбу масалага жиддий ёндашишни тақозо этмоқда. «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қарздорларнинг молиявий қобилиятини аниқлаш ва уларнинг тўловга қобилиятсизлигини тўғри баҳолаш имконини беради. Шу боисдан ҳам, мазкур қонун нормаларни тўғри ва аниқ қўллаш соҳада юзага келиши мумкин бўлган турли муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

-«2025 йилнинг 1-март ҳолатига судларнинг иш юритувида тугатишга доир иш юритиш муддати бир йилдан ошган 82 та тўловга қобилиятсиз (банкрот) корхоналар мавжуд бўлиб, ушбу тоифадаги ишлар айрим ҳолларда ҳаракатсиз қолдирилган ёки тугатиш бошқарувчиси томонидан оралиқ ва  якуний ҳисобот тақдим қилинмаган»-дейди бизга Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси А.Аяпов.-Қонун талабига кўра, ҳар чоракда оралиқ ҳисобот, иш тугаганда — якуний ҳисобот топширилиши шарт. Банкротлик жараёнларининг чўзилиши кредиторларнинг манфаатларига зарар етказади, иқтисодий муомаладаги ишончни камайтиради ва бизнес муҳитини ноаниқ ҳолга келтиради.

Тадбирда тўловга қобилиятсиз деб топилган ҳамда бир йилдан ортиқ муддат давомида тугатиш ишлари якунланмаган корхоналарни тугатиш бўйича иш ҳолатлари шу ишга масъул бўлган шахслар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, Солиқ кодекси ҳамда «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонун ва бошқа қонуности ҳужжатлари нормалари билан ишлашда уларни амалда тўғри қўллаш, қонунчиликда белгиланган процессуал муддатларга оғишмай риоя қилиш, ишларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларига путур етказмаслик ҳамда юзага келаётган муаммоли ҳолатларни қонун доирасида бартараф этиш лозимлиги атрофлича тушунтирилди.

Тадбир сўнггида иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.

Адилбай Оразов,    

Қарақалпақстан ахборот агентлиги шарҳловчиси