Элликқалъада янги маҳалла мажмуаси фойдаланишга топширилди

Қорақалпоғистон Республикаси, Элликқалъа туманидаги «Сарабий» овули аҳолиси учун қувончли янгилик: ҳудудда янги маҳалла мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур бунёдкорлик ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан амалга оширилди.
Лойиҳа доирасида «Сарабий» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги янги маҳалла мажмуаси учун 4 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилиб, замонавий талабларга жавоб берадиган бинога айлантирилди. Янги мажмуа маҳаллий аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш, фуқароларнинг ўзини- ўзи бошқариш органлари самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий ҳаётни фаоллаштиришга хизмат қилади.
Маҳалла мажмуаси замонавий меъморчилик асосида қурилган бўлиб, унда маҳалла фаоллари учун иш хоналари, йиғилишлар зали, ахборот бурчаги ва бошқа зарур инфратузилмалар мавжуд. Бу эса аҳолига яқиндан хизмат кўрсатиш имкониятини яратади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги