Аёллар учун 15 000 долларлик грант: янги лойиҳа старт олди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш – 2-фаза» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 317-сонли қарори асосида мамлакатимизда 2025–2027 йиллар оралиғида кам таъминланган ва ишсиз хотин-қизларни тадбиркорлик асосларига ўқитиш ҳамда уларга грант маблағлари ажратиш кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда мазкур лойиҳанинг «Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш» деб номланган 1.4-субкомпоненти Болгариянинг CEED Bulgaria маркази ҳамда Тошкентдаги «Annexure» консалтинг ва инжиниринг компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Бўзатов тумани ҳокимлиги мажлислар залида туман хотин-қизлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ушбу учрашувда Ташқи беғараз ёрдам маблағларини жалб қилиш ва донорлар билан ишлаш бўлими бошлиғи К. Идирисов, Жаҳон банкининг Қорақалпоғистондаги вакили Х. Жумабаев, лойиҳа раҳбари И. Руденко, туман фаоллари ҳамда маҳаллий аёллар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан сўнгги йилларда мамлакатимизда халқаро грантлар ва донор ташкилотлар кўмагида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ишсизлик муаммосини камайтириш, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашув давомида лойиҳа ташкилотчилари аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар, ўқув модуллари ва молиявий кўмак шартлари ҳақида тўлиқ маълумот берди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа доирасида Бўзатов, Мўйноқ ва Қонликўл туманларидан 1500 нафар хотин-қиз 5 модул асосида ўқитилиб, сертификатга эга бўлади. Лойиҳа якунида ҳар бир иштирокчи халқаро экспертлар ёрдамида грант лойиҳасини ёзади. Энг яхши лойиҳалар 5 000 ва 15 000 АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари билан қўллаб-қувватланади.
Бу ташаббус хотин-қизларнинг бизнес соҳасига қадам қўйишлари ва ўз фаолиятларини ривожлантиришлари учун катта имконият яратади. Ушбу лойиҳа орқали қишлоқ жойлардаги аёлларнинг иқтисодий мустақиллиги таъминланиши ва уларнинг ҳаёт сифатининг яхшиланиши кутилмоқда.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси