Қишлоқ хўжалиги соҳаси таваккалчиликларини суғурталашда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми яратилмоқда

АОКАда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган брифингда маълум қилинишича, “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун иқлим ўзгариши, ҳосилга зарар етказувчи табиий офатлар ҳамда нобуд қилувчи омиллар кескин кўпайиб кетаётган бир даврда жуда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар бир ёки бир неча таваккалчиликлар бўйича қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаларини тузади.
Жумладан, табиий ва техноген офатлар, ёнғин, ўсимликларнинг зараркунандалар ва касалликлардан зарарланиши, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг юқумли касалликлари тарқалиши ва заҳарланиши, ёввойи ҳайвонлар томонидан экинларнинг пайҳон қилиниши ёки қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига зарар етказилиши, учинчи шахсларнинг хатти-ҳаракатлари бўйича суғурта шартномаларини тузади.
Келгусида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини турли таваккалчиликлардан ҳимоя қилиш ва барқарор даромад олишини кафолатлаш учун Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси ташкил этилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси таваккалчиликларини суғурталашда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми яратилмоқда. Хусусан, суғурта мукофотининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларини суғурталанган табиий офатлар ва бошқа хатарлардан кўрадиган зарарларни қоплаш учун Қишлоқ хўжалигини суғурталаш жамғармасининг маблағлари етарли бўлмаган тақдирда, етмаган қисми республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Қишлоқ хўжалигида суғурта хизматларини такомиллаштириш юзасидан илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда ҳосилни суғурталаш тизими жорий этилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулот етиштирувчиларига қулай шарт-шароитлар яратишга имкон берадиган суғурта мажбуриятларини бажариш бўйича тегишли ҳуқуқий муносабатлар тартибга солинади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида таваккалчиликларни суғурталаш жараёнида иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА