ОФК Президенти қитъада тенгсиз бўлган футболчиларимизни қутлади

Куни кеча Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Саудия Арабистонида 17 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё кубогида мезбон футболчиларни 2:0 ҳисобида енгиб, бош совринни қўлга киритганидан хабарингиз бор.
Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа қитъамизда тенгсиз бўлган Ўзбекистон U17 терма жамоасининг ушбу муваффақияти муносабати билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Баҳодир Қурбонов номига табрик йўллади.

“Саудия Арабистонида бўлиб ўтган 17 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё кубогида ғолибликни қўлга киритганингиз билан Сизни ва Ўзбекистон футбол оиласини чин қалбимдан табриклашдан мамнунман. Ўзбекистоннинг мусобақа давомида кўрсатган ажойиб ўйинлари юртингизда футболни ривожлантириш ва оммалаштириш йўлида амалга оширилган меҳнат ва саъй-ҳаракатларидан далолатдир. Ислом Исмоилов ва бутун жамоага турнир давомида намойиш этган ёрқин ўйинлари учун миннатдорчилик билдираман ва ФИФА U17 Жаҳон чемпионатида ҳам муваффақият тилайман! Ўзбекистон футбол жамоатчилигига эса келгуси фаолиятида зафарлар тилайман», дейилади ОФК президентининг табригида.
Ҳа, бугун ўзбек ўғлонларининг улкан муваффақиятлари дунё узра баралла янграмоқда. Шунингдек, уларнинг ғалабалари шарафига йўлланаётган бундай табриклар миллионлаб футбол мухлисларининг қалбига қувонч бағишлаши шубҳасиз. Умид қиламизки, Қатарда ўтадиган мундиалда ҳам қонида доимо ғалаба бўлган футболчиларимиз ўзгача услуб, руҳан ва жисмонан тетиклик билан юксак марраларни забт этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА