Нукусда дзюдо бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари ўтказилди

69

Жорий йилнинг 18 апрель куни Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактаби (Манеж)да спортнинг дзюдо тури бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р. Сапарбаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Дзюдо федерацияси раиси З. Кахраманов иштирок этиб, барча иштирокчи ёш спортчиларни мусобақа билан қутлаб, уларга муваффақиятлар тилади.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, Олимпия ҳамда миллий спорт турларини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундай спорт мусобақалари эса ёш авлод ўртасида соғлом рақобат ва жисмоний тайёргарликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Икки кун давом этган Ўзбекистон кубоги баҳслари қизғин ва муросасиз беллашувларга бой бўлди. Республиканинг турли ҳудудларидан келган иқтидорли дзюдочилар ғалаба учун баҳс олиб бордилар.

Жамоавий ҳисобда қуйидаги натижалар қайд этилди:

1-ўрин — Хоразм вилояти

2-ўрин — Қашқадарё вилояти

3-ўрин — Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри жамоалари

Ғолиб ва совриндор жамоаларга эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.

Мусобақада юксак савияда иштирок этган спортчиларни табриклаймиз ва уларга келгусидаги беллашувларда ҳам улкан муваффақиятлар тилаймиз.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси