Нукусда «Орол балиқларидан 99 турдаги таомлар» халқаро гастрономик фестивали бўлиб ўтди

69

Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилаётган «Орол туризми» халқаро ҳафталиги доирасида гастрономия ишқибозлари учун унутилмас тадбир — «Орол балиқларидан 99 турдаги таомлар» номли халқаро гастрономик фестиваль ташкил этилди.

Нукус шаҳри марказида бўлиб ўтган фестиваль жамоатчилик, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, талаба-ёшлар ва таом ишқибозлари учун гастрономик байрамга айланди. Фестивальнинг асосий мақсади — ҳудудларнинг гастрономик туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш ва Оролбўйи халқларининг бой таом тайёрлаш анъаналарини кенг жамоатчиликка намоён этишдан иборат бўлди.

Тадбирда моҳир ошпазлар ва ҳаваскорлар томонидан балиқлардан тайёрланган миллий, анъанавий ва замонавий таомларнинг 99 тури тақдим этилди. Фестивальда турли миллат вакилларининг севимли таомлари ҳам ўрин олди, бу эса Қорақалпоғистондаги кўп миллатли муҳит ва маданий хилма-хилликни янада ёрқин намоён этди.

Фестиваль якунида балиқли таомлар бўйича беллашган ошпазлар орасидан энг ижодий ва таъми баланд таом тайёрлаган иштирокчилар ғолиб деб топилиб, уларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги