Боксчиларимизнинг улкан муваффақиятлари

Россиянинг Хабаровск шаҳрида бокс бўйича “Константин Коротков” халқаро хотира турнири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоалари ҳам иштирок этди.
Мусобақада вазни -75 кг. бўлган Азиза Зокирова финалда беларуслик Алина Веберни таслим қилган бўлса, -63,5 кг. Абдуллоҳ Мадаминов мезбонлар вакили Радна Цибиковни енгди.
Шунингдек,Нурислом Исмоилов(-75 кг.) ва Нусратбек Тоҳиров (-86 кг.) олтин медалга сазовор бўлди.
Финалга қадар ўтган жангларда ғалаба қозонган Гулсевар Ганиева, Шоҳрух Абдумаликов, Муҳаммадазизбек Исмоилов, Раҳматилло Бойматов ва Шоҳжаҳон Абдуллаев каби боксчиларимиз кумуш медаль билан тақдирланди.
Хуморабону Мамажонова, Рашида Тагирова, Айсанем Саруарова, Фарёзбек Дўсматов, Санжар Ваҳобов, Адҳамжон Муҳиддинов ҳамда Асилбек Абдураҳмонов ўз вазнларида бронза медали соҳибига айланди.
Мазкур натижалардан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин, 5 кумуш ва 7 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА